Конвертация очилса, ишсизлик ва инфляция кўпаядими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Юсуповнинг ёзишича, валюта бозорини эркинлаштиришга қарши томонлар "шок терапияси" каби ибораларни қўллаб, кўпларни чўчитишмоқда.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсуповнинг мамлакат валюта бозорини либераллаштириш, яъни конвертация очилишининг афзалликлари ҳақидаги мақоласи UZ24 сайтида нашр этилди.

Юсуповнинг таҳлили аввалроқ айни сайтда босилган Александр Давлетовнинг конвертация очилишининг салбий томонлари ҳақидаги мақоласига жавобдир.

Давлетов ўз мақоласида Ўзбекистонда конвертациянинг очилиши қуйидаги оқибатларга олиб келишини ёзганди:

- Долларнинг эркин бозордаги курси нақ 10,500 сўмга чиқиб кетади;

- Ички Ялпи Маҳсулот (ИЯМ) ўсиши секинлашади ва ҳатто тўхтайди;

- Инфляция ва ишсизлик икки рақамли даражага чиқади;

Аммо, Юсуповнинг ёзишича, валюта бозорини эркинлаштиришга қарши томонлар "шок терапияси" каби ибораларни қўллаб, кўпларни чўчитишмоқда.

Унинг айтишича, ҳозирда Ўзбекистондаги инфляция амалда шундоқ ҳам икки рақамли даражада, яъни 10%дан юқори. "Биз аллақачон у даражага чиққанмиз", деб ёзади Юсупов.

"Бошқа савол, валюта бозорининг либераллаштирилиши инфляцияни янада кўтариб юбориши мумкинми? Фақатгина импорт маҳсулотларига нархлар ошсагина, бу юз беради. Лекин, бугунда аксар импорт маҳсулотлари бозор курсида (яъни "қора" ёки "биржа" курсида) сотилади. Ҳар қандай бозор эркинлаштирилганда, расмий курс ва бозордаги курс ўртасида мувозанат нархи шаклланади. Бу нарх норасмий бозордагидан юқори бўла олмайди. Бу иқтисод қонуни. Ўйлайманки, ҳозирда мувозанат нуқтаси "қора" курсга яқинроқ, ёки "қора" билан "биржа" курси ўртасида турибди. Демак, ўртача ҳисобда бозордаги нархлар ошмайди, аниқроғи, либераллаштириш уларга таъсир қилмайди", - деб аниқлик киритади Юсупов.

Image caption Ўзбекистонда доллар нархи кескин ўсишини баъзилар конвертацияга тайёргарлик дея талқин қилишмоқда.

Муаллиф бунда Марказий Банкнинг валюта аралашувларини ҳам тилга олади. Унинг айтишича, агар Марказий Банк ўз мажбуриятларини бажарса, доллар "биржа" курсидан ошиб кетмайди.

Иқтисодий ўсиш сусайиши ва ишсизликнинг ошиб кетиши ҳақидаги хавотирларни ҳам Юсупов ислоҳотлардан қўрқадиганлар қўлидаги "олабўжи" деб ҳисоблайди.

"Агар, муаллиф айтганидек, алмашув курсининг қадрсизланиши юз берса, иқтисодий ўсиш экспорт ўсиши ҳисобига кучаяди, ишсизлик эса камаяди. Баъзи иқтисодий назарияларга биноан, ҳатто инфляция ҳам қисқа муддатда иқтисодий ўсишни кучайтириши мумкин", - деб ёзади Юсупов.

У, шунингдек, мамлакатдаги расмий "кафолатланган" йиллик 8 фоизлик ўсишга ишора қилиб, "аслида бизда ўсиш борми ва унинг аҳамияти нимада?" деб савол қўяди.

Аммо, айни дамда унинг ўзи ҳам ўтмишдаги расмий рақамларга таяниб, ўз иддаосини асослаб беради.

"2002-2003 йилларда бизнинг юртимизда валюта бозори аллақачон либераллаштирилганди. Ҳеч қандай иқтисодий ўсиш сусайиши юз бермаган. Инфляция ва ишсизлик ҳам умуман ўсмаган. Аксинча, 2004-2008 йилларда иқтисодий ўсиш тезлашди ва экспорт тўрт марта ошди, инфляция эса камайди", - дейди таҳлилчи.

Юсупов асоссиз эски қарашлар ва "олабўжи"ларни қайтармасликка чақиради.

"Ислоҳотлар, албатта, муаммо ва йўқотишларсиз бўлмайди, лекин уларни бугунги ислоҳ қилинмаётган иқтисод ҳар сонияда бошидан кечираётган йўқотишларга тенглаб бўлмайди", - дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар