Мирзиёев ўзбекистонликлар хорижда даволаниши олдини олиш илк чорасига қўл урди

Болакайни тиббий текширувдан ўтказаётган ўзбекистонлик шифокор Фото муаллифлик ҳуқуқи SOCIAL MEDIA

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори Ўзбекистон фуқароларининг хорижий тиббиёт муассасасида даволаниши олдини олиш йўлидаги дастлабки қадам деб кўрилмоқда.

Президентнинг янги қарорида мамлакатдаги барча даволаш, диагностика муассасасининг ҳозирги аҳволини икки ой ичида кўриб чиқиш талаби қўйилган.

Шифохона, даволаш маркази ва бошқа тиббиёт муассасасида касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун етарли имкониятлари борми, моддий-техник жиҳатдан етарли таъминланганми ёки йўқлиги ўрганиб чиқилади.

Шундан сўнг мамлакатдаги шифохона ва тиббиёт марказларининг моддий-техник базасини яхшилаш чораларини кўриш мўлжалланмоқда.

Бундан олдин Президент Мирзиёев ўзбекистонликлар чет элда даволанишга мажбур бўлаётганларини танқид қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мамлакатнинг ўзида сифатли даволанишга кўзи етмаган Ўзбекистон фуқаролари мураккаб жарроҳлик амалиётлари учун хорижий шифохоналарни танлаётганлари ва 40000 АҚШ доллари атрофидаги маблағ чет эллик шифокорлар чўнтагига тушаётганини айтган Ўзбекистон раҳбари.

Чиндан ҳам охирги йилларда бош, юрак-қон томир тизими билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини Ҳиндистон ёки Россияда ўтказишга қарор қилган ўзбекистонлик беморлар сони кўпайгани кузатилган.

Бунга эса малакали тиббий мутахассисларнинг маош камлиги туфайли Ўзбекистондан чиқиб кетганлари сабаб бўлган.

Биргина Яманнинг ўзида фуқаролар урушидан олдин бир неча минг ўзбекистонлик врач ёки ҳамшира ишлаётган бўлганлар.

Президент Мирзиёев махсус мажлисда Соғликни сақлаш вазирлиги раҳбариятига хориждаги мутахассисларни орқага қайтариш лозимлиги ҳақида айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ