Тожикистонда машҳур ӯзбек шоири вафот этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Ўлмас Жамолнинг кўплаб шеърлари қўшиқ бўлган

Тожикистонлик машҳур ӯзбек шоири Ӯлмас Жамол узоқ давом этган беморликдан сӯнг 83 ёшида дунёдан ӯтган. Марҳумни сӯнгги йӯлга кузатиш маросимлари эртага, эрталаб белгиланган.

Шоирнинг ӯзи ёзишича, унинг отаси Жамол нонвой ва онаси Меҳринисо ая бӯлишган. Ӯлмас Жамолнинг болалик йиллари Ӯзбекистонда, Самарқанд вилоятининг Ургут туманида ӯтган. Бошланғич синфда ӯқиб юрган йиллари Ӯлмас Жамоллар оиласи Тожикистонга, Душанбе шаҳрига кӯчиб келган. У мактабдан сӯнг Тожикистон Давлат университетининг тарих-филология бӯлимини битирган. Узоқ йиллар Тожикистондаги етакчи ӯзбек газетаси «Совет Тожикистони», ҳозирги «Халқ овози» газетасида ишлаган. Шеъриятга ошно бӯлган нонвой отаси таъсирида болалик йилларидаёқ шеър ёза бошлаган. Дастлабки шеърлар тӯплами - «Меҳр булоғи» шоирнинг 25 ёшлигида нашр этилган. Шундан кейин ӯнлаб китоблари Душанбе ва Тошкентдаги нашриётларда чоп этилган.

У ӯзбек адабиётида ғазал жанрини қайтадан жонлантирган шоирлардан ҳисобланади. Шоир шеърлари билан Фахриддин Умаров, Камолиддин Раҳимов, Жӯрабек Муродов, Жӯрабек Набиев, Ӯринбек Ҳамдамов, Озодбек Назарбеков каби машҳур ҳофизлар қӯшиқлар ижро этишган.

Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи аъзоси Ӯлмас Жамол шу Иттифоқнинг ӯзбек бӯлимига узоқ йиллар давомида бошчилик қилиб келди. Ёш ижодкорлар асарларини нашр этишга ёрдам берди, ӯнлаб шогирдлар етиштирди.

У Тожикистон Республикаси Рӯдакий номли Давлат мукофоти қӯмитаси аъзоси сифатида фаолият юритди. Ӯлмас Жамол Тожикистонда хизмат кӯрсатган журналист унвони билан тақдирланган. Унга Тожикистон Ҳукуматининг «Дӯстлик» ордени берилган.

Бир юрак иккига тилинмас асло

Image caption Мухлислар даврасида

2014-йилда Тожикистон пойтахти - Душанбеда ўзбек шоири Ўлмас Жамолнинг 80 йиллиги нишонланганди

Шоир таваллуд айёмини нишонлаш учун Тожикистоннинг деярли ҳамма минтақаларидан шоир ва ёзувчилар, ижодкорнинг юзлаб мухлислари йиғилишди.

Тўрт юз кишидан ортиқ одамни сиғдира оладиган катта толор Ўлмас Жамол дўстлари, мухлисларини сиғдира олмаган. Ўнлаб кишилар тик туриб қолишганди.

Йиғилишда дастлаб сўз олган Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг ӯша пайтдаги раиси Меҳмон Бахтий Ўлмас Жамолнинг фақатгина Тожикистондаги ўзбек адабиётига эмас, балки тожик адабиётига ҳам ҳисса қўшганлигини таъкидлаган.

У шоирнинг Алишер Навоийдан кейин ўзбек шоирлари орасида тўрт девон тузишга муваффақ бўлганлигини алоҳида таъкидлаганди.

Шоир 80 йиллиги арафасида унга бағишлаб Душанбеда нашр этилган китобга айнан Меҳмон Бахтийнинг Ўлмас Жамол борасидаги сўзлари - «Икки чаман булбули» ном ўлароқ танланган.

Тантанани олиб борган Тожикистон Халқ шоири Камол Насрулло Ўлмас Жамол ҳақида сўзлар экан, ўзбек ва тожик халқларини ҳеч қачон ажратиб бўлмаслигини, бунинг учун бир юракни икки тилиб ташлаш зарурлигини ифода этган.

Машҳур шоира Гулрухсорга кӯра Ўлмас Жамол Рӯдакийдан тортиб ҳозирги тожик шоирларининг асарларини ўзбек китобхонларига етказиб беришда беқиёс хизмат қилган, унинг икки тилни бирдай яхши билиши таржиманинг асл нусхадаги каби чиқишида муҳим ўрин тутади.

Собиқ СССР Халқ артисти Жӯрабек Муродовга кӯра Ўлмас Жамол тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги катта кўприкдир.

- Ӯлмас аканинг икки халқ дўстлигини васф этувчи «Тожикистон ўғлидурман, ўзбегим гуфто писар…» қўшиғини ҳар ҳоим юрак-юракдан берилиб, ҳаяжонимни енга олмасдан ижро этаман, - деган Жӯрабек Муродов.

Яхши ният учун ӯқ ёмғири ҳам писанд эмас

Тожикистоннинг илк мустақиллик йилларида мамлакатда кечган фуқаролик уруши даврида Ўлмас Жамол ўзбек ва тожикларни дўстликка, биродарликка чорлаш учун ҳаётини хавфга солган ҳолда ўқ узилиб турган ерларга ҳам борган.

У мамлакатда икки қарама-қарши куч орасида тузилган ярашув битимидан сўнг ташкил этилган Ваҳдат («Бирлик») ва миллий тикланиш ҳаракати Раёсати аъзоси сифатида турли қарашдаги кишиларни бир мақсад - мустақил Тожикистон тинчлиги, ободлиги, тарақкиётини таъминлаш учун курашди.

Ҳозирда Душанбеда, Қўрғонтепада ургутликлар яшайдиган ўндан ортиқ маҳалла мавжуд. Ӯлмас Жамол шу маҳаллалардан бирида яшаган. Кейинчалик Душанбе шаҳар ҳукумати томонидан берилган кӯп хонали уйга кӯчиб ӯтган.

Шоир орзулари ушалиб қолар

Ӯлмас Жамол ижодига унинг ӯзбекистонлик ижодкор дӯстлари юқори баҳо беришган.

Ўзбекистон Халқ шоири, марҳум Эркин Воҳидов Ўлмас Жамол борасида шундай деганди:

«Ҳеч эсимдан чиқмайди, улуғ устозимиз Ғафур Ғулом билан Душанбеда сафарда бўлганимизда бир адабий кечамиз бўлиб ўтган эди. Ўшанда тожикистонлик бир неча ёш шоир ҳам иштирок этган эди. Ўлмас Жамол уларнинг етакчиси эди. Ғафур Ғулом ёш шоирларнинг шеърларини тинглаб, бошларини силаб, кўнгилларини кўтариб, меҳрибонлик кўрсатганига ўзим гувоҳман. Ўлмас Жамолнинг шеъриятидаги нафосат, дилбарлик ёнига донишмандлик қўшилди. Инсоний дард, инсонпарварлик, гуманистик йўналиш пайдо бўлди. Ҳозир у маҳоратнинг чўққисида турибди. Бизга тенгдош бўлган шоирлар орасида Ӯлмас Жамол каби арузда ижод қилганлари жуда кам».

Эркин Воҳидов каби Абдулла Орипов, Жамол Камол каби машҳур ўзбек шоирлари ҳам Ўлмас Жамолнинг аруздаги маҳоратини таъкидлашган.

«Мана Ўлмас Жамол кўплаб девон тузибдилар. Мен шу ўринда айтмоқчиманки, девон тузиш, бу ҳаммага маълум, ҳар бир шоирга ҳам насиб этган эмас. Ҳозирги замонда ҳам, ўтган даврларда ҳам бу девонлар ўз-ўзидан нашр ҳам бўлиб қолавермайди, бундан кўз юммаслик керак», деган эди вақтида Абдулла Орипов.

У Ўлмас Жамол ҳақидаги сўзини давом эттирар экан, « Бозор иқтисодиёти каби муаммолар ёзувчининг қаршисидан чиқиб туради. Бу бутун дунёда бор гап. Шундай шароитда шоирнинг наинки шеърини ўқиб, балки тушуниб, унга кўмак бериб келаётган инсонлар яхшиямки, бу дунёда бор. Мен уларга чин дилдан раҳмат, дейман», деган фикрни айтган.

Шоир шеърларини китоб шаклида нашр этишда унинг Тожикистондаги ургутлик дӯстлари яқиндан ёрдам беришган.

Шоирнинг саксон ёшлиги арафасида Душанбедаги «Адиб» нашриётида унинг тўртинчи девони - «Маъмур» нашр этилганди.

Ўзбекистон Халқ шоири Жамол Камол «Ўлмас аканинг яна бир ўзга улуғ хусусиятини таъкидлашни истардим», дейди.

Унинг ёзишича:

«Ўлмас ака бизни биродарликка ундайди. Тожик ва ўзбек халқлари дўстлигини куйлайди. Шуни битта эмас, юзлаб қўшиқларга айлантирган мана шу Ўлмас Жамол бўлади. Инсоф билан айтиш керак, биз доимо айтамиз, бу бир эт билан тирноқ - икки халқ. Биз халқни дўстликка, биродарликка ундамасак бўлмайди. Чунки бизга ўша совет давридан миллатчилик деган бир балони олиб келишди. Пайғамбаримиздан қолган ҳадис борки, миллатчилик ислом учун ҳаромдир. Асосий байроғи умматчилик, миллатчилик эмас. Шунинг учун, биз келажакда албатта наинки Тожикистону Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё битта иттифоққа уюшишимиз керак. Бу бугун бўлмаса, индин, албатта бўлади. Нима учун? Чунки 27 давлат Европа иттифоқи бўлиб турганда, нега биз жону жигар, дилимиз, томиримиз, илдизимиз битта бўлган 5 та республика алоҳида-алоҳида бўлиб яшаймиз?.. Ана шу биргаликка ундайдиган шоирлардан биттаси Ўлмас Жамол акамиз бўлади».

Ӯлмас Жамол кейинги йилда Ӯзбекистон ва Тожикистон орасидаги муносабатларнинг илиқлашганидан беҳад шодланарди. У киши бир орзу билан яшарди - икки қӯшни мамлакат орасидаги виза тартиби бутунлай олиб ташланиб, қондош халқлар анча йиллар олдиндаги каби бемалол бориш-келиш қилишса, бир-бирларининг тӯйларида ӯйнаб-кулишса, оғир дамларида бирга қайғуриб, елка тутиб туришса!

Ӯлмас Жамолнинг ӯша саксон йиллиги тантанасида Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи раҳбари шоирнинг ҳар қандай юксак мукофотга арзирли эканлигини, уни тақдирлаш борасида мамлакат ҳукуматига мурожаат этилганини айтганди.

Орадан уч йил ӯтди. Бу мукофотдан дарак бӯлмади. Балки мукофот берилар, лекин ӯзининг мукофот деб шеър ёзмаганини бот-бот айтиб турган ижодкор уни кӯрмай кетди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар