Тошкент Британ мактаби директори ўзбек тилига қизиқиш йўқлигидан шикоят қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Timur Musin
Image caption Тошкент Британ мактаби директори мактуби

Тошкентнинг энг кўзга кўринган тадбиркорларидан бири, "Caravan group" ресторанлар тармоғи асосчиси Тимур Мусиннинг ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, Тошкент Британ мактаби (The British School of Tashkent) ўқувчиларнинг ўзбек тилига қизиқиши сустлиги борасида ота-оналарга мактуб йўллаган.

Мусиннинг ўғли айни мактабнинг ўқувчисидир.

"Учинчи ва ундан юқорироқ синфлар ўқувчилари ота-оналарига шанба кунги мактаб мажбурий эканини эслатиб қўймоқчимиз, чунки охирги бир неча ҳафта давомида ўзбек таълим тизими бўйича ўтиладиган дарслардаги давомат кескин тушиб кетган", - дейилади мактаб директори Эдриан Макалей ёзган хатда.

Мусиннинг Би-би-сига айтишича, шанба куни Тошкент Британ мактабида икки ўзбек тили дарси ўтилади, аммо ўқувчилар унда қатнашишни ёқтирмайдилар.

"Болалигимизда энг ёмон кўрган дарсимиз она тили - ўзбек тили бўлар эди. Бунга, эслашимча, ёмон шаклланган ўқув дастури сабаб эди. Мактабда ўзбек тилини ўқитиш услубияти шундай эдики, олти йилдан ортиқ ўқиб ҳам ҳеч ким уни мутлақо ўргана олмади! Афсуски, айни шу дастур бўйича бизнинг фарзандларимиз ҳам ўқитиляпти. "Жим бўл!" деган сўзлардан бошқа ҳеч нарса эсда қолмаган. Дарслар зерикарли. Ҳамма нарса муаллимнинг бақириқлари, ҳамда ўқувчиларнинг бу дарсни ўқишга мутлақ истаги йўқлигига қурилган", - деб ёзади у ўз саҳифасида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British School of Tashkent
Image caption Тошкент Британ мактабида асосан британиялик ўқитувчилар дарс беради.

Би-би-си билан суҳбатда бўлган ва исми ошкор этилишини истамаган ўқитувчи рус мактабларида ҳам ўзбек тилига бўлган қизиқиш ва эътибор суст эканини тасдиқлади.

"Мен аслида рус тили ва адабиёти ўқитувчисиман, аввал ўзбек мактабда ишлаганман. Лекин, ҳозирда рус мактабда ўзбек тилидан дарс беряпман", - дейди у. Унинг айтишича, аксар ота-оналар ўзбек бўлишса-да ўз фарзандлари яхши таълим олиши учун уларни рус мактабига берадилар, аммо улар учун ўз боласи ўзбек тилини яхши ўрганини устивор масала эмас.

Ўзбекистонда ўзбек тили 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақомини олган, аммо шу кунгача давлат муассасалари аксар ҳолларда рус тилида иш олиб борадилар.

Тимур Мусин ўзбек тили "жуда муҳим ва зарур" дейди.

"Буни тўғри йўлга соладиган одамларга қандай чиқса бўларкин? Ахир бу охирги 50 йилдирки давом этяпти. Ҳозир ҳам болалар мактабда 6-7 йил ўзбек тилини ўрганадилар, лекин уни мутлақо билишмайди. Мана ўғлим ўқийдиган мактаб директори ёзган хат шунга исбот. Балки совет давридан қолган таълим тизимини илдизи билан суғуриб ташлаш вақти келгандир?" - деб сўрайди у.

Мусин янгича қарашли ўқитувчиларни тайёрлаш учун энг яхши ёш педагогларни Европа ва Америкадаги ўқув даргоҳларига тажриба олиш учун йўллашни таклиф қилади. Унинг айтишича, "рисоладагидек маош, мукофотлар ва ҳукуматнинг қўллаб-қувватлови" зарур.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар