Марказий Банк қарори сўмнинг кескин қадрсизланмаслигига қаратилганми?

сўм Фото муаллифлик ҳуқуқи Sof.uz

Ўзбекистон Марказий Банки қайта молиялаш ставкасини 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилган. Шу вақтгача у 9 фоизни ташкил қиларди. Мутахассислар ушбу қарор мамлакатдаги реаль инфляцияни тан олишни билдириши ва валюта конвертациясини эркинлаштириш учун замин эканлигини айтмоқда.

Марказий Банк хабарида 28 июнь кунидан қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилингани айтилади.

"Мазкур қарорнинг қабул қилиниши жорий йилнинг ўтган даврида инфляция суръатларининг тезлашиши ҳамда инфляцион хатарларнинг ортишини чеклаш бўйича чораларни кучайтириш заруриятининг юзага келганлиги билан изоҳланади", - дейилади унда.

Хабарда айтилишича, ушбу чора валюта курси шаклланишининг эркин бозор режимига ўтиш учун зарурий шарт-шароитларни яратади. Ҳамда нархлар барқарорлиги ва паст инфляцион кутилмаларни таъминлаш ҳамда ўрта ва узоқ муддатли инвестицион қўйилмаларни рағбатлантириш орқали тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қулай иқтисодий шароитларни шакллантиради.

Иқтисодчи Юлий Юсуповнинг kommersant.uz нашридаги мақоласида ёзилишича, қайта молиялаш ставкасининг оширилиши мамлатдаги реал инфлация даражасини расман тан олинганидан дарак беради.

"Иккинчидан у пулнинг кескин қадрсиздланиши кутилаётган бир маҳалда нархларнинг ошиб кетишини олдини олишга қаратилган", дейди Юлий Юсупов.

Мутахассисга кўра, валюта бозори эркинлаштирилиши арафасида ушбу қарор жуда муҳим. Сабаби паст ставка сақланиб қолса, тижорий банклар бозорда валюта курси ўйнашидан фойда қилиб қолиш учун Марказий Банкдан катта миқдорда кредит олишни бошлаб юбориши мумкин. Натижада долларга талаб кескин ошиши ва ўзбек сўми кескин қадрсизланиши мумкин.

Қайта молиялаш ставкаларининг оширилиши мана шу ҳолатнинг олдини олиши мумкин.

Блоггер Фируз Аллаев sof.uz сайтида қайта молиялаш ставкаси ҳақида тушунча берган:

Қайта молиялаш ставкаси нима ўзи?

Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси бу Марказий банкнинг Республикадаги бошқа банкларга тақдим қиладиган пулига қўйилган тўлов фоизидир. Масалан, содда тилда айтилса, Марказий банк биздаги банкларга кредит беради, банклар ўз навбатида ушбу кредитни жисмоний ва юридик шахсларга кредит ёки қарз қилиб қайта тарқатади. Бунда Марказий банкдан маълум бир фоизга олинган кредитни устига ўз фоизини қўшиб тижорат банки аҳолига кредит тарқатади. Масалан, Марказий банкдан тижорат банки бир миллион сўм олса, эндиликда янги ставкага биноан ушбу суммага 14 фоиз қўшиб яъни 1 140 000 сўм қилиб қайтариш керак. Ушбу суммадан тижорат банки ўз даромади қўшиб аҳолига қарз ёки кредит беради. Тижорат банки Марказий банкдан 14 фоизлик ставкада олган бўлса, аҳолига уни 20 ёки 22 фоизлик ставкада сотади ва ўртадаги фоизлар бу тижорат банкининг даромадидир.

Нима учун Марказий банк аҳолига тўғридан-тўғри кредит бермайди?

Марказий банк фақат йирик миқдордаги суммалар билан ишлайди. Бу ерда гап бир неча миллиарддан тортиб бир неча 100 миллиард ҳақида кетмоқда. Мана шу ҳолатда тижорат банклари аҳоли ва Марказий банк ўртасига воситачи ролини ўйнайди ва бундан, албатта ўз даромадини олади. Бошқа томондан, Марказий банкда Республиканинг ҳамма нуқтасида минглаб филиалларни очиб, аҳоли билан ишлаш имконияти мавжуд эмас.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ