Ўзбекистон Рамазон ҳайитини нишонламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи MEHROB.UZ

26 июнь куни эрталаб Ўзбекистондаги жомеъ масжидларида Рамазон Ҳайити - Ийд ал-Фитр намозлари адо этилди.

Дунёнинг қатор мусулмон мамлакатлари ва Европада истиқомат қиладиган мусулмонлар Ийд ал-Фитрни бир кун олдин байрам қилдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PressPhoto.uz / HSА / «Дарё»

Бу йил ўзбекистонликлар кетма-кет уч кун дам олдилар.

Бу йил Рамазон ойида Ўзбекистондаги бир неча масжидлар Таровиҳ намозлари видеоларини тўғридан-тўғри Интернетда намойиш этдилар.

Олдинги йилларда кузатилган ошхона ва ресторанларда ифторлик ташкил қилиш, тамаддихоналарнинг тунда рўзадорларга хизмат қилишини чеклашлар кузатилмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MEHROB.UZ

Шу ойда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Ислом маданияти марказини барпо этиш ҳақида қарор қабул қилди.

- Давлатимиз раҳбари инсоният бошига келган энг катта ташвишлардан бири - терроризм ва экстремизмга, жаҳолатга қарши маърифат билан онгли кураш олиб боришда янги босқични бошлаб берди, - деб айтган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 26 июнь тонгида Тошкентдаги Ҳазрати Имом масжидида Рамазон ҳайитида қилган маърузасида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MEHROB.UZ

"Бу йилги Рамазон ойида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида буюк аждодимиз, улуғ муҳаддис Имом Термизий мақбараси таъмирланиб, янги масжид бунёд этилди, Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказига асос солинди. Шунингдек, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарёдаги Абу Муъийн Насафий марказида ақида илми мактаби ташкил этилмоқда. Буларнинг барчаси фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Шукрлар бўлсинки, она заминимиз Яратганнинг раҳмати ёғилган мўътабар замин, азиз-авлиёлар хоки қўним топган юртдир. Аллоҳ таоло шу мўътабар диёрга ўзининг азиз неъмати - тинчлик, осойишталикни берди, қут-барака, фаровонликни ато этди. Эндиги вазифамиз ана шу улуғ неъматларга шукрона келтириб, уларнинг янада зиёда бўлиши учун ҳамжиҳатликда ҳаракатлар қилишдан иборат", дея муфтий Усмонхон Алимовдан иқтибос келтиради ЎзА ахборот агентлиги.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ