"Ўзбекистонда қийноқ билан боғлиқ вазият ўзгаргани йўқ"

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов айтишича, Ўзбекистонда тутқунларни қийноққа солиш билан боғлиқ аҳвол ўзгаргани йўқ.

Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов айтишича, Ўзбекистонда гумондор ва тутқунларни қийноққа солиш билан боғлиқ аҳвол ўзгаргани йўқ.

26 июнь - Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни муносабати билан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Марказий Осиё республикалари раҳбарларини қийноқлар олдини олиш, қийноқ ва ноинсоний муомала қилган жиноятчиларни жазолаш ва қийноқ қурбонларига товон тўлашга чақирганлар.

Беш Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланадиган ташкилотларни ўзида бирлаштирган Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (International Partnership for Human Rights - IPHR) тарқатган баёнотга кўра, сўнгги йилларда аҳволни яхшилаш мақсадида Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда айрим ижобий қадамлар ташланган.

Ўзбекистонда ҳам Президент Шавкат Мирзиёев "Ички ишлар органлари" тўғрисидаги қонунни имзолаган.

2018 йилдан Ўзбекистонда қўлга олинган шахсни сўроққа тутиш жараёни аудио ва видеога ёзиб олиниши мўлжалланмоқда.

Бироқ инсон ҳақлари фаоллари дастлабки тергов вақти ҳамда жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган диний мотивлар билан қамалган маҳкумларга нисбатан қийноқлар тўхтамаганини айтадилар.

2003 йили БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланилади, деган хулосага келган.

Хўш, Ўзбекистонда раҳбарият ўзгаргани қийноқлар билан боғлиқ вазиятни ҳам ўзгартирдими, деган савол билан Би-би-си Тошкентдаги мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга мурожаат қилди.