Қўқонлик 8 яшар Абдулаҳад нега хафа?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Internet/facebook
Image caption Масжидларда болаларга жой йўқми?

Душанба куни Қўқонда Ҳайит намозига қўйилмаган болакайнинг сурати ижтимоий тармоқларда фаол муҳокама қилинмоқда.

Би-би-сига маълум бўлишича, сурат 26 июнь куни Қўқон шаҳридаги Сайҳон маҳалласида олинган.

8 ёшли Абдулаҳад Ҳайитни хурсандчилик билан бошламоқчи эди.

Аммо маҳалла аҳлининг айтишича, масжидга қўйилмаганидан ўксиб, ортга қайтган.

Вазиятга катталарнинг аралашуви ҳам фойда бермаган.

Аксарият ўзбекистонликлар жойларда ёш болаларнинг Ҳайит намозига қўйилмаганидан ғазабга келишган.

Аммо айни пайтда ёш боласи билан бирга Ҳайит намозини муаммосиз адо этганини айтаётганлар ҳам бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption 8 ёшли Абдулаҳад Ҳайит намозини хурсандчилик билан бошламоқчи эди

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мулозими Би-би-си билан суҳбатда ёш болаларни масжидга қўймаслпк ҳақида расмий кўрсатма борлигини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасига бу борада "хизмат доирасида фойдаланиш учун" кўрсатма берган ва кўрсатма ижроси Ички ишлар вазирлигига топширилган.

Унда болаларнинг ёши аниқ кўрсатилмаган, балки "вояга етмаган болалар" деб айтилган.

Дин ишлари мулозимининг сўзларига кўра, бу ўтган йиллардан қолган йўриқнома эмас, балки ҳар йили янгиланиб туради.

Бу йил биринчи марта Ҳайит иш куни кўчирилмаган ҳолда, дам олиш куни деб эълон қилинган.

Шунингдек, жамоат емакхоналаридаги ифторликларга ҳам чеклов олиб ташланган ва давлат раҳбари номидан биринчи марта расмий ифторлик берилган.

Ҳукумат Умра ва Ҳаж зиёратлари квотасини ҳам оширган.

Мусулмонлар янада кўпроқ эркинлик, жумладан, масжидларда овоз кучайтиргичлар ва жамоат жойларида рўмол ва ҳижоб ўрашга рухсат берилишига умид қилишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02