HRW: Жаҳон Банки мажбурий меҳнатни молиялаяпти

Ғўза яганасига мажбур қилинган ўзбекистонлик Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch

Human Rights Watch ташкилоти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми эълон қилган янги ҳисоботда айтилишича, Жаҳон Банки Ўзбекистондаги мажбурий ва болалар меҳнати аралашган ярим миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштирмоқда.

115 саҳифалик янги ҳисобот "Биз пахта теришдан бош тортолмаймиз: Жаҳон Банкининг Ўзбекистондаги сармоялари мажбурий ва болалар меҳнатига боғланган" деб номланган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати 2015- ва 2016-йилги пахта йиғим-терими мавсумларида пахта теришга, шунингдек, 2016-йил баҳорида чигит экиш ва ягана ишларига талабалар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, бошқа давлат тасарруфидаги идора ва ташкилотларнинг хизматчилари, хусусий сектор ишчилари ва баъзан болаларни ҳам мажбурлаган.

Агар пахта териш ёки яганага чиқишдан кимдир бош тортса, ишидан ажралиши, ижтимоий нафақалари тўхтатилиши, талабалар эса ўқишдан ҳайдалиши билан таҳдид қилинган.

"Жаҳон Банки пахта саноатидаги таҳқирловчи меҳнат тизимини яширишда Ўзбекистонга ёрдамлашаяпти", деб айтган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми директори Умида Ниёзова. "Ушбу муаммолар ҳал қилинмагунча молиялашни тўхтатиш билан Жаҳон Банки Ўзбекистон ҳукумати ва потенциал сармоядорларга болалар ва мажбурий меҳнатга боғлиқ тизимнинг таркибий қисми бўлишни хоҳламаслигини аниқ-тиниқ билдириб қўймоғи лозим".

Фото муаллифлик ҳуқуқи YELENA URLAYEVA

Ҳисобот муаллифлари хабар қилишларича, янги ҳужжат 257 интервью, мажбурий ва болалар меҳнати қурбонлари билан 700 суҳбат, сизиб чиққан ҳукумат ҳужжатлари ва давлат расмийларининг баёнотлари асосида тайёрланган.

Жаҳон Банки Ўзбекистон деҳқончилиги билан боғлиқ лойиҳаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланилишига тоқат қилмаслигини айтган.

Вазиятни мониторинг қилиш учун мустақил ташкилот кўмагига таянишини айтган.

Аммо Human Rights Watch ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаслигини кузатиш учун Халқаро Меҳнат ташкилоти жалб этилган.

Халқаро Меҳнат ташкилотининг кузатувчилари ташриф буюрган далаларда эса меҳнатга жалб қилинган инсонлар, фермерлар ва бошқалар "репетиция қилинганлар", кузатувчиларга нима деб айтиш, қайси гапларни гапирмаслик ҳақида кўрсатма берилган, шу йўл билан ҳақиқий вазият яширилган, дейишади янги ҳисобот муаллифлари.

Мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганишга қарор қилган инсон ҳақлари фаоллари таҳқирлаш, зўравонлик ва қамоққа ташлаш таҳдидлари билан дуч келганлар.

Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни ваъда қилди ва вилоятларга ташрифлари пайти пахтадан воз кечилиши ҳақида айтмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Qo'rqmaslar

Бироқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми 2017 йилнинг апрель ва май ойларида янги мажбурий меҳнат ҳолатларини қайд этган.

Хусусан, Жиззах, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўқитувчилар, тиббиёт муассасалари ходимларининг ғўза яганаси, қовоқ ва помидор кўчатларини экиш, пилла териш, кўча ва бошқа жойларни тозалашга, шанбаликларга мажбурланганлари хабар қилинган.

Шуни таъкидлаш жоизки, бундан олдин мажбурий меҳнат мавзуси Ўзбекистон ичкарисидаги оммавий ахборот воситалари учун кўтариб чиқиш мумкин бўлмаган мавзу ҳисобланарди.

Охирги ойларда қатор Интернет нашрлари, блоггерлар ўқитувчиларнинг ўз касб вазифаларига кирмайдиган тадбирларни мажбурланаётганлари ҳақида мақолалар эълон қилдилар.

Давлат назоратидаги "Ўзбекистон" телеканалида ўқитувчи ва шифокорларнинг кўча супуришга мажбурланаётганлари танқид қилинган кўрсатув намойиш этилди.

"Нима учун ўқитувчи кўча тозалаши керак?" - видеони YouTubeдаги каналимизда томоша қилинг

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ