Украина Ислом Каримовнинг қайинжиянини нега Ўзбекистонга топширмади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergananews.com
Image caption Акбарали Абдуллаев энди Ўзбекистонга топширилмайди.

Жорий йил январида Украина чегарасига ҳибсга олинган Акбарали Абдуллаев бугун эркин одам.

Украина жуда тез фурсат ичида унга сиёсий бошпана бериш ишини кўриб чиққани айтилмоқда.

Акбарали Абдуллаев ўзи ким? Лавҳамизни кўринг.

Шундай қилиб, украинлар ўзбекларнинг сўровини ерда қолдирган кўринади.

Негаки, Ўзбекистон ҳукумати мутасадди органлари марҳум Президент Каримовнинг қайинжияни бўлмиш Акбарали Абдуллаевни Тошкентга топширишни сўрашганди.

Ўзбекистон уни бир қатор йирик иқтисодий жиноятларда, хусусан, катта маблағларни ўмариш ва ўзлаштиришда айблайди.

У ҳали Марҳум Каримов даврида қамоққа олинганди.

Аммо президент поччаси ўлиши биланоқ қамоқдан чиқишга улгуради ва Ўзбекистондан яширин чиқиб кетади.

Ўтган январда эса Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлида ҳам Ўзбекистон, ҳам Доминикан республикалари паспорти бўлган Акбарали Абдуллаевни қўлга олишади.

Ўшандан бери бир ҳибсда ва бир очиқда қолаётган Акбарали Абдуллаев агар Ўзбекистонга топширишса, уни қийнаб ўлдиришларини иддао қилади.

Қатор ҳуқуқшунослар Акбарали Абдуллаев каби иқтисодий жиноятларда айбланаётган одамга сиёсий бошпана беришни нотўғри санашади.

Унинг холаваччаси бўлмиш Гулнора Каримова ўзи ҳам уй қамоғига олинишида олдинроқ қариндоши Акбарали Абдуллаевнинг ёнини олиб, хайрия ишларини мақтаб интернетда ёзиб чиққанди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ