‘Ўзбекистон Афғонистонга қарашини ўзгартирмоқда’

Комилов Фото муаллифлик ҳуқуқи official

'Ўзбекистонда раҳбарият ўзгариши ортидан, янги президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда анчайин фаол ва амалий минтақавий сиёсат олиб бормоқда".

Қолган Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларини яхшилаш баробарида, "Ўзбекистон ҳукумати яна бир муҳим қўшниси - Афғонистонга нисбатан ҳам мавқеини жиддий ўзгартирмоқда".

АҚШ даги "Jamestown Foundation" тадқиқот маркази томонидан яқинда чоп этилган таҳлилий мақола худди шундай жумлалар билан бошланади.

Шундан сўнг, ўзаро алоқалардаги янги даврнинг дебочаси сифатида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Кобулга январь ойидаги сафари тилга олинади.

Бунинг ортидан, Абдулазиз Комиловнинг ҳукумати ортиқ Афғонистонга фақат хавфсизлик таҳдиди призмасидан қарамаслигига оид сўзларига эътибор қаратилади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Унинг, "Ўзбекистон Афғонистон билан ўзаро алоқаларини чегараоша савдони кучайтириш, инсонпарварлик ва маданий соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли турли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш асосида қайта шакллантириш истагида" эканига оид гапларига диққат қилинади.

Бу - ўтган 20 йил деганда ўзбекистонлик илк юқори мартабали ҳукумат мулозимининг Афғонистонга ташрифи бўлганди.

Мақолада ёзилишича, президент махсус вакилининг тайин этилиши ҳам Ўзбекистоннинг Афғонистон билан ўзаро алоқаларини янги бир даражага олиб чиқиш истагида эканига далолат қилади.

Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қарор топтиришга қаратилган халқаро жараёнларда ҳам янада фаол иштирок этиш ниятини кўрсатади.

Расмий алоқаларнинг мамлакат президентлари даражасида фаоллашиши - ўзаро муносабатлардаги муҳим ўзгариш экани таъкидланади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро йиғинлар дохил, ҳар бир имкониятдан фойдаланиб, афғонистонлик ҳамкасби билан бевосита шахсий мулоқот ўрнатаётгани алоҳида тилга олинади.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг шу йил охирига қадар Афғонистон билан ўзаро товар айланмаси кўламини $500 миллион АҚШ долларидан камида $1 миллиард АҚШ долларига етказиш истагига ҳам тўхталинади.

Шу йил бошида Афғонистон пойтахти Кобулда Ўзбекистон Савдо Уйи очилгани ҳам мақола муаллифлари қаламидан четда қолмайди.

Ўзбекистон Афғонистоннинг темирйўл орқали боғланган ягона қўшниси эканига ҳам диққат қаратилади.

Аммо мақола ниҳоясида Ўзбекистоннинг бу дадил қадамлари Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир пайтга тўғри келаётгани ҳам эътироф этилади.

Афғонистоннинг қайта бошдан АҚШ ва Россия ўртасидаги гео-сиёсий рақобат майдонига айланиб бораётгани ҳам хавотирли воқеълик сифатида тилга олинади.

Мақолада "Usa Today"га таяниб, расмий Тошкент Америка ҳукуматининг Афғонистонга қўшимча аскар ва ҳарбий жиҳоз юбориш қарорини хуш қаршилаши ҳам айтилади.

Ёзилишича, Ўзбекистон наздида бу - алал-оқибат афғон ҳукуматига кучайиб бораётган исёнчилик муаммосига барҳам беришга кўмак қилади.

Аммо, худди шу ўринда, муаллифлар ўзлари томонидан бу яқин йиллар ичида ҳам Афғонистонда ростмана тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши эҳтимолдан йироқ экани эътироф этилади.

Хулоса қилинишича, Ўзбекистон томони истакларининг ижроси ҳам унинг "Келаси ойлар ичида хавфсизлик билан боғлиқ вазият издан чиқиб кетган тақдирда ҳам, Афғонистонни таҳдид эмас, бир имконият сифатида кўра олишга қодир бўлиши-бўлмаслигига боғлиқ бўлади".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02