Мирзиёев Комсомолни тикламоқдами?

Комсомол 1991 йили Ёшлар иттифоқи дея ўзбекчалаштирилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи bosonogoe.ru
Image caption Комсомол 1991 йили Ёшлар иттифоқи дея ўзбекчалаштирилганди

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи давлат ташкилотига айлантирилди. Шу билан Ўзбекистонда Шўро давлатининг сўнгги йилларида амал қилган ташкилот номи расман қайта тикланди.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати қурултойида ташкилот тугатилган ва унинг ўрнига Ёшлар иттифоқи давлат ташкилоти ташкил этилган.

Би-би-си билан гаплашган "Камолот" масъулларидан бири ҳаракат ўрнига ташкил топаётган давлат ташкилоти тўлиқ бюджетдан молиялаштирилишини маълум қилди.

Шу вақтгача "Камолот" ўзаро қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги шартномалар асосида кичик бизнес корхоналари (савдо корхоналаридан ташқари) томонидан ҳисобланган ягона солиқ тўлови суммасининг 8 фоизини мажбурий равишда олиш эвазига фаолият юритиб келган.

Ҳаракатнинг давлат ташкилотига айлантирилиши борасида Халқаро пресс клубда 1 июль куни матбуот анжуманида батафсил хабар берилиши айтилмоқда.

Ёшлар иттифоқида Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлган 1991 йили ташкил топган ва 1996 йилгача амал қилган. 1996 йил апрел ойида Президент Ислом Каримов фармони билан "Камолот" жамғармаси тузилган.

"Камолот" жамғармаси 2001 йилда ёшлар ижтимоий ҳаракатига айлантирилганди.

1991 йили Ўзбекистон ССР Ленин комсомол ёшлар иттифоқи "Ленин" ва "комсомол" сўзларидан ҳоли бўлиб Ёшлар иттифоқи номини олган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ