Мирзиёев Озодбек борасида қовун туширдими?

Озодбек прокурорлардан шикоят қилганди Фото муаллифлик ҳуқуқи uzbeknavo
Image caption Озодбек прокурорлардан шикоят қилганди

Мирзиёев "Камолот" қурултойида эртадан, яъни 1 июлдан бошлаб "Ёшлар" каналига хонанда Озодбек Назарбековнинг директор этиб тайинланишини айтган. Бироқ Президентнинг олдиндан тайёрланган маърузаси ушбу гапларнинг зиддини кўрсатмоқда.

ЎзАда келтирилган Президент маърузасида ушбу лавозимга Президент эмас, балки янги тузилган ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раҳбар тайинлаши кўрсатилган. Номзодни тасдиқлаш бўйича тегишли таклиф тузиб чиқилишига эса 1 ой муддат кўрсатилган.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг "Ёшлар" телерадио каналига раҳбар этиб тайинлангани ҳали расмийлаштирилмаган. Канал директори Шавқиддин Жўраев ўз ўрнида қолмоқда.

30 июн куни "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати қурултойида сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев "Ёшлар" телеканалини танқид қилган ва телеканал акцияларининг 50 фоизини янги тузилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўтказишни таклиф қилган.

Қурултойни бевосита кузатган гувоҳларнинг айтишича, Мирзиёев "Ёшлар" канали директорини ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланишини айтган ва кутилмаганда "эртадан бошлаб унинг директори Озодбек Назарбеков бўлишини" билдирган.

Ушбу хабар интернетдаги хабар сайтларида жуда тез тарқалди.

Би-би-сининг ушбу хабарни тасдиқлатиш борасидаги ҳаракатларидан маълум бўлишича, Мирзиёевнинг ушбу таклифи бироз шошилган ҳолатда ва маъруза матнига зид тарзда айтилган бўлиши мумкин.

Президент нутқини чоп қилган ЎзА мақоласида Озодбек Назарбековнинг директор этиб тайинлангани борасида жумла йўқ. Аксинча ушбу жараён камида бир ой вақт олишини ва уни Президент эмас балки ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши тайинлашини кўриш мумкин.

"Ёшлар" телерадиоканали ҳам ўз имкониятларидан самарали фойдалана олмаяпти. Шу муносабат билан ушбу канал фаолиятини кучайтириш, унинг 50 фоиз акцияси Ўзбекистон ёшлар иттифоқига тегишли бўлиши, унинг директори мазкур ташкилот Марказий кенгаши томонидан лавозимга тасдиқланиши бўйича Бош вазир А.Арипов, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси Х.Мирзоҳидов, адлия вазири М.Икромовга бир ой муддатда тегишли таклиф тайёрлаш вазифаси топширилади", дейилади Мирзиёевнинг олдинлан тайёрланган расмий маърузасида.

"Ёшлар" телеканали ходимлари Би-би-си билан суҳбатда ушбу янгилик тасдиғини сўраб кўплаб мурожаат бўлаётганини айтишди.

"Кечадан бери ҳамма сўраяпти. Лекин директоримиз ҳали ҳам Шавқиддин Жўраев. Ҳозир иш билан ташқарида юрибди. Балки душанба куни бирор нарса аниқ бўлар", - дейди у.

Хонанданинг маъмури ушбу хабарни "бўлмаган гап, ҳали қурултой тугамади", дея изоҳ берди. Би-би-си боғланган вақти Тошкентда қурултой ҳали давом этаётган эди.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков "Ўзбекконцерт" давлат муассаси йиғилишида прокурор ва амалдорлар санъаткорлар хизматидан бепул фойдаланишда айблаганди. Хонанда ушбу ҳолатга чек қўйишга чақирган ва хизматларни пуллик қилиш таклифини берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ