Билими пастлар 62 минг доллар тўлаб ўқиши мумкин

абитуриент Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар учун ўқишга кириш нархи эълон қилинди. Тартибдан маълум бўлишича, ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича ўқишга киришни истаган ва 30 фоиз балл тўплаган талабалар 246 миллион 250 минг сўм тўлашига тўғри келади. Марказий Банк курси бўйича бу 62 минг долларни ташкил қилади.

Ҳуқуқшунос блоггер Хушнудбек Худайбердиевнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим муассасаларига қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги 393-сонли қарори қабул қилинган ва унда қўшимча контрактларнинг оширилган миқдори тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида тўлов-контракт асосида белгиланган квотадан ташқари олий таълим муассасаларига қўшимча равишда қабул қилиш бўйича тартиб ишлаб чиққан.

Давлат комиссияси тартибида барча таълим соҳаси ва таълим йўналишлари бўйича 4 баллдан ортиқ балл етмаган, энг юқори баллнинг 30% (68,0 балл)дан кам бўлмаган ҳолда, қўшимча равишда ўқиш истагини билдирган абитуриентларнинг биринчи ўқув йили учун тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланган.

"Оширилган тўлов-контракт миқдорларига назар ташласак, энг қиммат тўлов ҳуқуқ йўналишида эканлигини кўриш мумкин. Унга кўра, юриспруденция йўналиши бўйича қўшимча-контрактда ўқиш истагини билдирганлар биринчи ўқув йили учун 25 баравар миқдорида контракт тўлаши лозим бўлади. Бу бугунги кунда 246 млн. 250 минг сўмни ташкил этмоқда", деб ёзади Хушнудбек Худайбердиев.

Ушбу сумма Марказий банк курси бўйича 62215 долларни, эркин бозордаги курс бўйича 29315 долларни ташкил қилади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига 4 баллгача етмаган абитуриентлар учун қуйидагича миқдор белгиланган эди:

1 баллгача етмаган абитуриентлар учун - 1,5 баробар;

1.1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун - 2,0 баробар;

2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун - 2,5 баробар;

3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун - 3,0 баробар.

Ушбу тўлов фақат биринчи ўқув йили учун тўланиши айтилган. Кейинги йиллар учун ҳамма қатори оддий миқдордаги контракт пули тўланади.

Порани қонунийлаштиришдими?

Интернетда фикр билдирган ушбу қарорга турлича фикр билдиришган.

"Юриспруденция - 30 минг доллар. Пора легаллаштирилган илк мамлакат бўлдик", - деб ёзди твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Шерзод Турдиев бунча миқдорда шартнома пулини тўлаган талаба ушбу пулни қанча йилда қатариб олиши мумкинлигига эътибор қаратган.

"Қолган йил контракти ва магистратура билан 300 млн десак, 20 йилда хам контракт пулини оқлай олмас экан, нима учун укиш мумкин бунака пул тулаб? Бемалол Европада укиш мумкин экан, лекин битиргач 100$ ойликка ишлашга мажбур".

Амира Рашидова ҳам ушбу қарорни коррупцияни легаллаштириш йўли деб айтган.

"Коррупцияни легализациялаш йули. 30.000$ ни бировнинг чунтагига беришдан кура, давлатга тулайди, 68 баллни хар канакасига туплаш мумкин чунки".

Бироқ юрист Хушнудбек Худайбердиев ушбу фикрларга қўшилмайди.

"Лекин 68 дан ошира олган ҳамма ҳам қабул қилинавермайди. Қўшимча жойлар чекланган бўлади. Унга тушиш учун ҳам баландроқ балл олиш керак", - дейди Хушнудбек Худайбердиев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ