Озодбек Назарбеков ‘Ёшлар’ телеканалида ‘катта ўзгаришлар’ ваъда қилмоқда

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

"Ёшлар" телеканали янги раҳбарининг бу ваъдаси Халқаро пресс-клубнинг ёшлар сиёсатига бағишланган сўнгги анжуманида янграган.

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистига кўра, "бу ўзгаришлар жуда тез бўлади".

Хабарларга кўра, хонанда раҳбарлигидаги телеканалда қандай ўзгаришлар бўлишига оид савол 3 июль кунги тадбирнинг энг кутилган ва қизиқарли лаҳзаларидан бири бўлган.

Мирзиёев Озодбек борасида қовун туширдими?

Озодбек Назарбеков: Давлат ташкилоти базмида текин хизмат қилмайлик

"Анча йиллардан бери, санъатнинг қайси йўналиши бўлишидан қатъиназар, соҳадаги камчилик ва ютуқларни ўзим табиий равишда, эҳтимол касб тақозоси билан, беихтиёр кузатиб келаман".

"Ёшлар" телеканалини жуда катта ўзгаришлар кутяпти. Жуда ҳам катта ўзгаришлар! Буни яқин кунларда мухлислар сеза бошлайди", - деб айтган Озодбек Назарбеков.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Камолот"нинг 30 июнь кунги қурултойида , "эртадан бошлаб, "Ёшлар" каналига хонанда Озодбек Назарбековнинг директор этиб тайинланиши"ни айтган.

Бироқ президентнинг олдиндан тайёрланган маърузаси ушбу гапларнинг зиддини кўрсатган.

Би-би-сининг ушбу хабарни тасдиқлатиш борасидаги ҳаракатларидан маълум бўлишича, Мирзиёевнинг ушбу таклифи бироз шошилган ҳолатда ва маъруза матнига зид тарзда айтилган бўлиши мумкин.

Президент нутқини чоп қилган ЎзА мақоласида Озодбек Назарбековнинг директор этиб тайинлангани борасида жумла йўқ. Аксинча ушбу жараён камида бир ой вақт олишини ва уни Президент эмас балки ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши тайинлашини кўриш мумкин.

Хонанда Озодбек Назарбековнинг "Ёшлар" телеканалига раҳбар этиб тайинланганига оид бу хабар интернетдаги хабар сайтларида жуда тез тарқалган.

Турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида ўзбекистонлик кўплаб интернет фойдаланувчиларининг қизғин баҳсу мунозараларига сабаб бўлган.

Бу тайинловга ўзбекистонлик айрим етакчи зиёли, шоир ва журналистлар ҳам ўзларининг кескин муносабатларини билдиришган.

"...ТВ отарчилар қўлида. Матбуот отарчилар қўлида! Илоҳим, отарчилар тезроқ ўтарчи бўлсин!", - деб ёзганди Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон.

daryo.uz интернет нашри хабарига кўра, Озодбек Назарбеков йиғин чоғида ўзининг тайинловига оид танқидларга ҳам илк бор ўз муносабатини билдириб ўтган.

"22 ёшли Алишер Саъдуллаевнинг вазир ўринбосари этиб тайинланиши воқеаси каби, мен ҳақимда ҳам: «Бунинг телевидениега нима алоқаси бор?», деган гаплар бўляпти. Тош отиш — энг осон иш. Тош отиш учун у одам ҳақида ҳеч нарса билмасликнинг ўзи етади".

"Ёшлар" телеканалига раҳбарликка тайинланишим мен учун кутилмаган таклиф бўлди, шундай бўлса-да, кузатишларим давомида ўйлаб қўйган маълум бир режаларим, фикрларим, лойиҳаларим бор эди. Телеканалдаги ўзгаришлар секин-секин эмас, жуда тез бўлади", - дея баён қилган Озодбек Назарбеков.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар