Шоир, журналист ва жамоат арбоби Насриддин Муҳаммадиев вафот этди

Насриддин Муҳаммадиевнинг интервью бераётган фотосурати Фото муаллифлик ҳуқуқи nosirmuhammad.uz

Таниқли журналист, шоир ва жамоат арбоби Насриддин Муҳаммадиев - Носир Муҳаммад 71 ёшида оламдан ўтган.

Аксар ўзбекистонликлар Насриддин Муҳаммадиевни сиёсий шарҳловчи сифатида эслайдилар.

1980-йилларда Ўзбекистон телевидениесида халқаро воқеаларга бағишланган кўрсатувлар мунтазам намойиш этилар, Насриддин акани кўпчилик ўша кўрсатувлардаги чиқишлари орқали илк бор таниган эдилар.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин ТАСС-УзТАГ ахборот агентлиги мамлакатнинг асосий давлат ахборот агентлигига айлантирилди, Насриддин Муҳаммадиев Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлигини шаклантириш йилларида Халқаро ахборот таҳририятига раҳбарлик қилди.

Ўша йиллари кўплаб ёш журналистлар, ижодкорлар ундан халқаро воқеа-ҳодисаларни ўзбекистонлик муштарийларга етказиш, давлат раҳбарларининг хорижий мамлакатларга сафарларини ёритиш сирларини ўргандилар.

Кўпчилик Насриддин акани доимо жилмайиб турадиган, хушмуомала инсон сифатида эслайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи nosirmuhammad.uz

Шоир ва журналист, Халқаро "Олтин мерос" хайрия жамоат фонди раиси Амирқул Каримов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида шундай деб ёзди: У кишини таниган кишилар барча билан бирдек самимий муносабат қилгани учун "душмани йўқ одам" дейишарди.

Насриддин Муҳаммадиев 1994 йили Ташқи ишлар вазирлигига ишга ўтди. Дастлаб Матбуот хизматида, кейинчалик "Жаҳон" ахборот агентлигида фаолият олиб борди.

1996-99 йиллари Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида ишлади.

1999-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг етакчи консултанти бўлиб ишлади.

Насриддин ака 2005 йилдан буён Республика Байналмилал маданият марказини бошқариб келаётган эди.

Носир Муҳаммад тахаллуси билан 30 га яқин китоблари нашр этилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Насриддин аканинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ