Ўзбекистон ташқи ишлар вазири футбол ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди

Футбол Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Абдулазиз Комиловнинг халқ билан очиқ мулоқотига оид хабар манзарасида айни шу мазмундаги саволнинг вазирлик матбуот хизматига келиб тушгани алоҳида янгилик бўлган.

Ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг нега айнан бу хусусда мамлакат ташқи ишлар вазирига мурожаат қилишгани ҳам қизиқишларга сабаб бўлмай қолмаганди.

Шу йилнинг 16 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати бу ҳақда расман хабар берган.

Ҳуқуқий, ташқи сиёсат, чегаралар делимитацияси ва демаркациясига оид бисёр саволлар қаторида ўзларига футболга оиди ҳам келиб тушганини билдирган.

"Футбол мухлисларидан Ўзбекистон терма жамоасининг охирги халқаро ўйинлардаги салбий натижалари бўйича юборилган мурожаат ҳам, ўз навбатида, вазирга етказилгани"ни маълум қилганди.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Вазирликнинг ушбу хабари ўшанда Ўзбекистондаги деярли барча футбол ва спортга ихтисослашган нашрларда ҳам ўз ифодасини топган.

Президент Шавкат Мирзиёевдан нималарни сўраган бўлардингиз?

Ўзбекистон март ойида 2018 йилги жаҳон чемпионати Осиё қитъаси якуний босқич саралаш беллашувларининг икки муҳим учрашувини аввал Жанубий Корея, сўнгра Сурияга бой берган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг халқ билан очиқ мулоқотига оид хабарлар манзарасида эса, яна бир муҳим ўйинни Эронга ютқазиб қўйганди.

Миллий терма жамоанинг ҳал қилувчи босқичдаги бу каби натижалари ўзбекистонлик футбол ишқибозларининг кескин акс-садоларига сабаб бўлган.

Бош мураббий Самвел Бабаян истеъфосини талаб қилувчи чиқишлар кузатилган, даъватлар янграган.

"Ўзбекистон президенти ҳам ўзгаришлар тарафдори" экани, "ёнларида яна халқ тургани, нолалари Ўзбекистон раҳбариятига етиб боришига умид қилишлари" ҳақида ёзишганди.

Алал-оқибат, Ўзбекистон Футбол Федерацияси Бош мураббийни ўз вазифасида қолдиришга қарор қилганди.

Футбол тўғрисидаги саволни ҳам назардан қочирмаган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири эса, Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимовлар каби ўз даврининг юлдуз футболчиларига тўхталган.

Ҳозир ҳам футболга ишқибозлик ўша даврлардагидан деярли фарқ қилмаслигини айтган.

Ўша "Пахтакор" жамоасининг Ўзбек футболида қолдирган мероси ҳануз ҳаёт эканлигига ишониши ва бу мерос тақдирланиб, янада ривожланишига умид билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.