"Human Rights Watch Ўзбекистонга қайтиши мумкин"

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Фото муаллифлик ҳуқуқи International Press Club

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубдаги мулоқот пайти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ва бошқа ноҳукумат нотижорат ташкилотлар Ўзбекистондаги фаолиятларини қайта бошлашлари мумкинлигини айтган.

Жаноб Комилов сўзларига кўра, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонга қайтишлари мумкин, бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов яқинда Human Rights Watch раҳбари Кеннет Росдан мактуб олганини, бу мактубда ташкилот тадқиқотчиларининг Ўзбекистонга келишларига рухсат сўралганини айтди.

"Биз бу гуруҳни қабул қилишга тайёрмиз", деб айтди Ташқи ишлар вазири Комилов.

Бундан олдин Human Rights Watch Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилган, ташкилотнинг Ўзбекистонга қайтишига изн берилишини сўраган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Халқаро Пресс-клубда мулоқот қилиши ҳақида олдиндан хабар қилинган ва Би-би-си Ўзбек хизмати ҳам бошқа саволлар билан бирга қуйидаги саволни ҳам вазир жанобларига йўллаган эди:

2005 йилда Ўзбекистондан чиқариб юборилган ғарбнинг ноҳукумат ташкилотларининг қайтишига рухсат бериладими?

"Аммо, мазкур ташкилотлар бир нарсани тўғри тушунишлари керакки, Ўзбекистон ҳукумати билан амалий, ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиб, Ўзбекистон ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўйишлари мақсадга мувофиқ бўлади", деб айтган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Бир неча соат давом этган мулоқот чоғи жаноб Комилов ва бошқа мутасадди раҳбарлар кўплаб саволларга жавоб қайтарганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.