Ўзбекистон банклари долларни юридик шахсларга "қора бозор" курсида сотишни бошладилар

Хорижий валюталар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистондаги тижорат банклари юридик шахсларга эркин бозор курсида хорижий валютани сотишни бошлаганлар.

Ҳозирча банклар жисмоний шахсларга доллар сотишмаяпти ва оддий одамлардан хорижий валютасини сотиб олаётганлари йўқ.

Маҳаллий журналистларнинг хабар қилишича, шу йилнинг 30-июнь куни Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистонда валюта олди-сотдисига бағишланган низомга ўзгартириш киритган.

Конвертация очилса 1 доллар 10 минг сўм бўладими?

Конвертация очилса, ишсизлик ва инфляция кўпаядими?

"Хизматлар нархи гўшт қийматида белгилансин"

Тижорат банкларига ҳукуматнинг "Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида"ги Низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарори келиб тушган.

Ўзбекистонлик журналистлар ушбу ҳужжатнинг кенг оммага мўлжалланмаган бўлса-да, банклар ижроси учун мажбурий қимматга эга эканлигини урғуламоқдалар.

Валюта олди-сотдиси низомида бундан олдин доллар курси Марказий Банк эълон қилган сўнгги курсга боғлиқ бўлиши белгилаб қўйилган эди.

"Биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар сўнгги банклараро савдо сессиясида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин курс бўйича амалга оширилади", деб ёзиб қўйилганди олдинги низомда.

Энди биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар банклар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида бозор курси бўйича амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Доллар ёки Евро сотиб олмоқчи бўлган жисмоний шахсларга конверсион карталардан фойдаланиш маслаҳати берилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Банки ҳозирча "қора бозор"ни йўқотиш йўлидаги илк қадамлар борасида шарҳ бермаяпти.

Би-би-си Марказий Банк Матбуот хизматига боғланди, матбуот хизматида банкларга юридик шахсларга доллар сотиш ёки сотиб олишга рухсат берилгани ҳақидаги ҳужжатга эга эмасликларини айтишди.

7-июль куни Тошкентда долларфурушлар 1 АҚШ долларини 8450 сўмдан харид қилиб олганлар, 8470 сотганлар.

Марказий Банк курси 3986 сўм 55 тийин этиб белгиланган.

Сизда бу борада қандай маълумотлар бор?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ