Қозоғистонни кесиб ўтувчи йўл ва чегара нуқтаси очилди

йўл Фото муаллифлик ҳуқуқи Inform.kz

Жанубий Қозоғистон вилоятида халқаро аҳамиятга эга Тошкент-Термез М-39 йўлининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари "Сирдарё" чегара ўтиш нуқтаси ҳам очилган. Бу ҳақда Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимияти матбуот хизмати хабар берган.

Трассанинг қайта очилиши Жиззах, Самарқанд томондан пойтахт Тошкентга келувчилар ва кетувчиларнинг йўлини қисқартириши айтилмоқда

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги "Сирдарё" чегара ўтиш нуқтасидан эса бир кунда 200 автомобиль ва 5 минг одам ўтиши режаланмоқда.

Очилиш маросимида икки давлатдан расмийлар иштирок этган.

Жанубий Қозоғистон вилоят ҳокими Жансеит Туймебаев ушбу йўл икки халқ ўртасида "олтин кўприк" бўлишига ишонч билдирган.

"2006 йили ёпилган йўлнинг қайта очилиши икки давлат Президенти ўртасидаги келишувнинг натижаси бўлди. Яқин алоқаларнинг мустаҳкамланиши минтақаларнинг ривожланиши учун катта туртки бўлди. Бунга Ўзбекистонда ўтказилган бизнес форум ва тошкентлик ишлаб чиқарувчиларнинг Чимкентдаги ярмаркаси далил бўла олади", - деган Жансеит Туймебаев.

Тошкент ва ғарб вилоятларини туташтириб турувчи М-39 трассаси Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган. Қозоғистон ичидан ўтувчи ҳудуд 24.1 чақиримни ташкил қилади.

Йўл Президент Ислом Каримов томонидан амалда 2000 йилларнинг бошида ёпилганди. Расман 2006 йили ёпилгани айтилади.

Йўлнинг қайта очилиши 43 чақирим масофани қисқартириши мумкин.

Gazeta.uz нашри ҳукуматдаги манбасига таяниб ёзишича, 26 апрел куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йўлни очиш тўғрисида махсус қарор чиқарган. Ўзбек-қозоқ чегарасидаги "Оқ олтин" ва "Малик" автойўл ўтиш нуқталари 15 майдан очилиши кўрсатилган.

Хабарда айтилишича, Тошкент ва Самарқандни қисқа йўл билан боғловчи ушбу ўтиш нуқтаси фақат енгил автомобиллар учун очиқ бўлади. Ундан юклар ва савдо мақсадидаги товарлар ўтказилмайди.

Жанубий Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан тўхтовсиз транзит мақсадида ўтувчи Ўзбекистон фуқаролари енгиллаштирилган тартибда - чегарачиларнинг муҳри қўйилмасдан ўтади.

Бу йўлдан ўтувчиларнинг паспортлари текширилиши айтилмоқда.

Қозоғистон томонига транзит бўлмаган мақсадда йўналган Ўзбекистон фуқаролари ва Қозоғистон фуқаролари учун қонунчиликдаги мавжуд тартиблар бўйича одатдагидек ўтказилади.

Бу икки ўтиш нуқтасидаги божхона назорати ҳам енгиллаштирилган тартибда бўлиши айтилмоқда. Божхона декларациялари тўлдирилмайди, транспорт воситаси божхона назоратидан ва рўйхатдан ўтмайди, лекин мажбурий кўз назоратидан ўтказилади.

Чегарани кесиб ўтаётган фуқаролар Божхона қонунларида кўрсатилган талабларни бажаришдан озод қилинмаслиги айтилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ