Қозоғистондан ўтувчи йўл ҳозирча узоқни яқин қилмайди

чегара Фото муаллифлик ҳуқуқи Inform.kz

Тошкент ва Самарқандни Қозоғистон орқали туташтирувчи йўл ҳозирча йўловчилар кутганидек бўлиб чиқмаган. Газета.уз мухбирининг тажрибасидан маълум бўлишича, бу йўлдан ўтишга кўпроқ вақт ва асаб кетади. Чегарага вақтида келмаганлар тонггача чегарадаги нейтрал ҳудудда қолиб кетиши ҳам мумкин.

Журналист Никита Макаренконинг айтишича, қайта очилган йўлдан ўтиш айтилаётганидек ярим соат эмас, балки 2 соат вақтни олади. Чегара очиқ вақтида улгурмаган йўловчилар Қозоғистон ҳудудида қолиб кетиши ҳам мумкин.

Расмий очилиш маросимидан лавҳа берган "Ахборот" дастури журналистининг айтишича, қайта очилган йўл узоқни яқин қилади. "Ахборот"га интервью берган йўловчилардан бири олдин сафарини 1,5 соат вақт олган бўлса, янги йўл очилгач ярим соатга қисқарганини айтганди.

Бироқ газета.уз нашри мухбири 12 июл куни ушбу йўлдан ўтиб, унинг айтилаётганидек қулай эмаслигига амин бўлган.

Тошкентдан Самарқандага Қозоғистон орқали кетмоқчи бўлган йўловчи 4 та чегара ўтиш нуқтаси ва битта йўл хавфсизлик постидан ўтишига тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google Map

Никита Макаренконинг ёзишича, 12 июл куни эрталабки соат 9 да М-39 трассасининг Тошкентдан келаверишдаги "Малик" чегара постида машиналар кўп бўлмаган. У қисқа йўлдан ўтмоқчи бўлган 10-20 чоғли одамни кўрган.

Журналистнинг айтишича, "Малик" постидаги ўзбек чегарачилари жуда тез ишламоқда. У ердан ўтиш 10 дақиқа олган. Чегарачилар хушмуомала ва маданияли муносабатда бўлишган. 4 дона чегара ўтиш дарчалари ишлаб турган.

Чегара постига киришдан олдин Йўл хавфсизлик бошқармаси назоратидан ҳам ўтишга тўғри келади. Чегара постида бланкага эса чегарани кесиб ўтди, деган штамп қўйилади. Ундан сўнг божхоначилар текширувидан ўтилади. Журналист ушбу текширув багаж ва бардачокларга кўз югуртириш билан тезда ўтади, дейди.

Мухбир Қозоғистоннинг "Сирдарё" постида 1 соату 25 дақиқа вақт сарфлаганини айтган. У айнан мана шу ушланиш туфайли янги йўл қулай эмаслигини таъкидлайди. Чегарада 5 та машина бўлса ҳам божхоначи компютерда ҳужжатларни 1 соатнинг ичида тўлдирган.

"Қозоқ томони бу ушланишни ҳаммаси энди ишга тушгани билан изоҳлашди. Келажакда бу жараён тезроқ бўлишига ваъда беришди. Бундан ташқари божхоначиларнинг айтишича, чегарадан ўтаётган ҳар бир кишининг маълумотларини базага киритиш орқали кейинги сафар ҳужжат тўлдиришга тўғри келмайди", - деб ёзади Никита Макаренко.

Муҳим томони ўзбек чегара ўтиш постлари 24 соат ишласа ҳам, Қозоғистоннинг "Сирдарё" чегара пости эрталаб соат 9 дан кечки соат 7 гача ишлаши кўрсатилган.

"Чегара хизмати офицери бу нарсани тасдиқлади. Яна у нейтрал ҳудудда қолиб кетмаслик учун соат 18:30 келиш кераклигини маслаҳат берди", - деб ёзади журналист.

Шундан сўнг М-39 трассасидан ҳайдаш мумкин бўлган. Мухбирнинг таъкидлашича, совет даврида қурилган ушбу йўлнинг сифатига ҳафас қилиб бўлмайди. Машинани авайлаб ҳайдашга тўғри келади.

Қозоғистон ҳудудидан чиқишда "Целинний" чегара постидан ўтиш кам вақт олган. У ерда тўлдирган божхона декларациясини топшириш керак.

Журналист Ўзбекистонга тегишли "Оқ олтин" постидан қисқа вақтда ўтганини билдирган.

Никита Макаренко Тошкентга қайтишда эски йўлдан келган. Бу йўл бир соат вақт олган.

"Ҳозирча энди пойтахтдан Самарқандга тезроқ бориш мумкин, деб айтиб бўлмайди. Бироқ Қозоғистон Божхона хизмати вакиллари сўзига ишонилса келажакда ушбу жараён камроқ вақт олиши мумкин", дейди журналист.

Қозоғистон томони "Сирдарё" чегара ўтиш пости бир кунда 200 та машинанини ўтказиш салоҳиятига эга эканлигини айтган эди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ