Наманганда ҳожатхонага тушиб кетган смартфон уч кишини "ўлдирди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Samsung
Image caption Наманганда ҳожатхонага тушиб кетган смартфон уч кишини "ўлдирди"

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида "Шарқ юлдузи" қишлоқ фуқаролар йиғинида ҳожатхонага тушиб кетган смартфон уч кишининг ўлимига сабаб бўлди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ҳодиса 13 июль куни соат 10:00 атрофида юз берган. Мусабоева фамилияли аёл 'ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида хонадонидаги ҳожатхонага' Samsung Galaxy J7 смартфонини тушириб юборган.

Хонадон бекаси телефонини ҳожатхонадан чиқариш учун икки ишчи — Қирғизбоев ва Мурзалиевларни ёллаган. Улар нарвондан ҳожатхона тубига тушиб, "оғир газдан заҳарланган ва ҳушидан кетган".

Шундан сўнг Мусабоева хоним ёлланма ишчиларни қутқариш учун туман "Қизилқиёқ" қишлоқ врачлик пунктидан шифокор Ирисбоевни чақиртирган. У ҳам ҳожатхонага тушаётиб, ҳушидан кетган.

"Фуқаролар Қирғизбоев ва Мурзалиев воқеа жойида, фуқаро Ирисбоев эса шифохонага олиб кетилаётган вақтда вафот этган", деб ёзади вазирлик. Уларнинг бари вазирликнинг Намангандаги бошқармаси қутқарувчилари томонидан ҳожатхона ичидан олиб чиқилган.

Қайд этишларича, "ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли хизматлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда".

"Terabayt.uz" сайтига кўра, Samsung Galaxy J5 смартфонини модификациясига кўра Тошкентнинг хос бозорларида 1,5 миллион сўмгача, кредитга умумий 410 долларгача бўлган нархда сотиб олиш мумкин.

'Шифокор ҳожатхона тубига тушмаслиги керак эди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи YouTube
Image caption "Телефон одамдан қиммат..."

Телефонни ҳожатхонадан чиқариб олиш учун ёлланган шахсларнинг ҳеч бир тайёргарликсиз ҳожатхона ичига тушганига бир нима дейиш қийин, бироқ шифокорнинг ҳаракати кўпчиликда савол уйғотган.

Наманган вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати вакилининг "Спутник Ўзбекистон"га маълум қилишича, шифокор ҳожатхона ичига тушмасдан, ҳолат ҳақида тегишли ташкилотларга хабар бериши керак эди.

"Доктор — ўқимишли, олий маълумотли одам ва у нега бундай қилганига изоҳ бера олмаймиз. Ҳозир турли гап-сўзлар тарқаляпти, масалан, ҳожатхона ичига тушиб кетганлар пастдан туриб ёрдам сўрагани учун, врач ҳам ҳожатхона ичига тушишга мажбур бўлган, дейиляпти. Лекин бу ҳали тахмин", — дейди агентлик суҳбатдоши.

Унинг таъкидлашича, "ахлат гази — энг оғир, инсон ҳаёти учун ўта оғир бўлган газдир". Шу сабабли ҳам ФВВнинг ҳудудлардаги бошқармалари томонидан шундай заҳарланишларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунга ўхшаш ҳодиса 2014 йил май ойида Хитойнинг Хэнан вилоятида юз берган эди. Ўшанда келинчак 320 доллар турадиган янги смартфонни ҳожатхонага тушириб юборган.

Смартфонни ушлаб қолиш мақсадида куёв ҳожатхона тешигига отилган, бироқ кўп ўтмай ҳушидан кетган. Ўғлини қутқариш учун тешикка отилган қайнона ҳам ҳушидан кетган.

Сўнг ҳушидан кетганларни келинчак, қайнота ва яна икки қўшни биргаликда қутқаришга уринган. Охир-оқибат, уларнинг барчаси қутқарувчилар томонидан қутқарилган; куёв ва қайнона вафот этган.

'Одам арзон, смартфон қиммат...'

Ҳожатхонага тушиб кетиб, уч кишининг ўлимига сабаб бўлган смартфон воқеаси ижтимоий тармоқларда ростмана муҳокама мавзусига айланган.

"Туалетда телефонга бало бормиди! Барака топгур, ҳеч бўлмаса ана ўша жойда ҳоли қол!", дейди Facebookдаги Фарҳод. "13-рақам ёмонлигига ишониб кетасан одам", деб ҳодиса 13-июль куни юз берганига ишора қилган Ойбек.

Facebook фойдаланувчиси Нилуфар ўз ғазабини яшира олмаган: "Телефонинг бошингда қолсин! Туалетга олиб кириб, нечта одамнинг бошини единг! Телефонинг орқасидан ўзинг тушишинг керак эди, палакат!".

"Ҳам ачинарли, ҳам кулгули. Бир нима дейишга ҳам ожиз инсон. Туалетдан телефонни олиб чиқиш учун қанча пул ваъда қилган экан? Арзимаган пулга рози бўлиб, ўлиб кетган одамга ачинасан киши", деб ёзади Муроджон.

Zafar исмли бир фойдаланувчи Facebook'да: "Шифокорлардан рози бўлмаётган дўстлар, мана, иккита одамнинг ҳаётини қутқараман деб, шифокор ўзини хавф остига қўйиб, ўзи ҳам ҳалок бўлибди", деган бўлса, Miraziz унинг фикрига қарши чиққан: "Шифокорнинг ақли бўлганида, тушишдан аввал ўзининг эҳтиётини қилган бўларди".

Нилуфар исмли бир фойдаланувчи: "Ачинарли ҳолат. Аввал қоғозда олов ёқиб, уни ҳожатга ташлаб, газни йўқотиш мумкин эди. Эҳтиётсизлик оқибати", деб фикр билдирган. Sadoqat унга раддия билдирган: "Нилуфар, маслаҳатим, ҳеч қачон бундай қила кўрманг. Газдан бутун ҳожатхона портлаб кетади. Ҳаётда кўп бўлган бунақаси".

Фойдаланувчиларнинг баъзилари шунга ўхшаш воқеалар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам юз берганини ёзган.

"Қашқадарёда ҳам шундай воқеа бўлганини айтиб беришди. Унда ҳам уч киши жабр кўрган. Битта бола ҳожатхонага тушиб кетган. Уни бақирганини эшитиб, қўшниси ҳам тушган. Ўша бола ва қўшниси заҳарланиб, вафот этган. Учинчи одамни арқон билан туширишган, у ҳам ҳушидан айрилган ва шифохонага юборилган", — деб ёзади Akmal.

"Қўзичоқ тушиб ўлганини эшитганман. Сирдарёда ҳам уч киши ўлган эди 3-4 йил олдин, бир-бирларини қутқараман, деб", дейди Facebook фойдаланувчиси Mardon.

Ўхшаш ҳодиса ҳақида Ilhom ҳам ёзиб қолдирган: "Андижоннинг Пахтаобод туманида ҳам учта ака-ука ўлган эди. Унда телефонлар содда ва арзон бўларди. 5 ё 6 йил олдин бўлганди".

Айни вақтда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилар Ўзбекистонда айниқса жамоат ҳожатхоналари билан вазият ёмон эканлигидан нолиган.

"Юртимизда телефон тушиб кетмаса ҳам, шунчаки эҳтиёж билан кирсанг ўлдириб қўядиган туалетлар жуда кўп", деб ёзади Twitterдаги @Okaginam.

"Кўп-кўп, жуда кўп. Айниқса, билмаган жойингга кирсанг, кўнглинг айниб қусиб юборасан", деб унинг гапини қўллаган @xullasde.

@Murodj0n бўлса: "Покиза туалетларда ипини тортмай кетадиган фаросатлар ҳақида бирор нарса ёзинг", деб гап қистирган.

Мирзиёевнинг канализациялар тўғрисидаги қарори

Президент Шавкат Мирзиёев 20-апрелда Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурини тасдиқлаган эди. Дастур 2017-2021 йилларга мўлжалланган.

Дастур, жумладан, канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган. Кўрсатилган йилларда янги канализация иншоотларини қуриш, мавжудларини қайта тиклаш ва реконструкция қилиниши кўзда тутилган.

Ваъда беришларича, мазкур дастур нафақат шаҳарлар, балки қишлоқларнинг ҳам канализация тизимларини тубдан яхшилайди, шунингдек, "айниқса қишлоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш имконини беради".

Қайд этиш жоиз, канализация тармоқларига уланган ҳожатхоналарга телефонлар тушиб кетиши оқибатида одамлар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар ҳозирча қайд этилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар