Ўзбекистон: ҳукумат вазири ‘Facebook’ да ўзига хос ташаббус билан чиқди

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларидаги ўзбекистонликлар билан учрашувини ташкил этиш ғоясини ўртага ташлаган.

Ўзбекистон президентининг сентябрь ойидаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясига ташрифини назарда тутиб, вазир Шавкат Мирзиёевнинг "ўша ерда яшаётган таниқли ўзбеклар билан учрашувини ташкил этишга уриниб кўрмаймизми?", - деб сўраган.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

Унинг "Facebook"даги аккаунтида ёзишича, шахсан ўзи 1999 йилда АҚШ да Ўзбекистон биринчи президенти билан учрашган. Бу унинг учун жуда катта тажриба бўлган.

"Шу боис ҳам, агар, шунга ўхшаш бир нарса уюштира олсак, бу - ўша ерда яшаётган фуқароларимиз учун ҳам эсдан чиқмайдиган воқеа бўларди", - деб битган Шерзод Шерматов.

Ўзбекистон ҳам Трамп рўйхатига тушиши мумкинми?

Биометрик паспорт машмашаси: "Америка ўзбеклари" муаммолари

Бу - Шавкат Мирзиёевнинг шу йил январь ойида расман Ўзбекистон янги президенти сифатида қасамёдга келтирилиши ортидан Америка Қўшма Штатларига қилажак биринчи сафари бўлади.

Шерзод Шерматов эса, шу йилнинг 2 февраль куни президент Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Унинг ёзишича, эҳтимолий учрашув иштирокчилари рўйхатини тузиш учун ўзига кўнгиллилар керак бўлади.

"Агар, катта сондаги таниқли ўзбеклар рўйхатини тузишга муваққат бўлишса, сўнгра бу ҳақда Маъмуриятга хабар беришга ҳаракат қилиб кўриши"ни билдирган.

"Facebook" фойдаланувчиларидан бу ҳақда бирор ғоя ёки таклифлари бўлса, изоҳ сифатида қолдиришлари ёки шахсан ўзига юборишлари мумкинлигини айтган.

Муносабат

Унинг кеча - 13 июль куни чоп қилган пости шу соатларда 300 дан ортиқ фойдаланувчи томонидан "ёқтирилган".

Қарийб 85 марта улашилган, юздан ортиқ муносабатга сабаб бўлган.

Бу хусусда ўз изоҳларини қолдирганларнинг барчаси вазир Шерзод Шерматов томонидан ўртага ташланган мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлашган.

Агар, Вашингтондан "Америка овози" радиоси мухбири Навбаҳор Имомованинг тахминий ҳисоб-китобларига таянилса, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сонлари бугун қарийб чорак миллион кишига етади.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Энг сўнггида таъкидлаш жоиз, марҳум президенти Ислом Каримовнинг чорак асрдан ортиқ давом этган бошқаруви даврида расмий Тошкент глобал сиёсатда "қудратларга" нисбатан ўзининг беқарор ташқи сиёсати билан танилиб улгурган.

Ҳали муваққат президент экан, Ўзбекистоннинг жорий раҳбари Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсат масаласида "марҳум президент Ислом Каримов концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган.

Расман ҳам Россия ва ҳам АҚШ билан ҳар томонлама манфаатли ҳамкорлик - ўз ташқи сиёсатларида муҳим аҳамият касб этиб қолишини алоҳида тилга олиб ўтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар