Ўзбекистон четда ўз миграция ваколатхоналарини очмоқчи

Муҳожирлар Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Мустақил Ўзбекистон тарихидаги бу каби янгича ташаббус мамлакат янги президенти Шавкат Мирзиёев қарори остида амалга оширилади.

Хабарларга кўра, режа "биринчи навбатда кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари яшаётган давлатлар"ни кўзда тутади.

Аён бўлишича, бу - Ўзбекистон Республикасининг миграция соҳасига жавобгар органларининг ваколатхоналари бўлади.

Тафсилотлари видеолавҳамизда - назардан қочирманг.

'Мигрантлар ҳуқуқни билмасликлари катта муаммо'

Россиядан Ўзбекистонга депортация қилинаётган меҳнат муҳожирлари кўп

"Чет элларда очиладиган миграция марказларининг вазифаси - аҳолини рўйхатдан ўтказиш ва ишлаш рухсатномасини олиш жараёнини осонлаштириш" бўлади.

Президент Мирзиёевнинг 12 июль куни эълон қилган қарорига мувофиқ, энди бу хусусда Ўзбекистон Ички ишлар, Ташқи ишлар, Меҳнат вазирликлари ва шу соҳага масъул бошқа идоралар ўз таклифларини киритишлари зарур бўлади.

Уларнинг таклифлари эса, 2018 йилнинг 1 февралига қадар тайёр бўлиши лозим кўрилади.

Бундан ташқари, бу таклифларнинг Ўзбекистон Республикаси имзолаган барча давлатлар ва ҳукуматлараро шартномалар асосида ишлаб чиқилиши тақозо этилади.

Уларнинг, бунга қўшимча, миграция соҳасидаги вазиятни чуқур ўрганиб чиқиш ва таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқарилиши керак"лиги айтилади.

Ўзбекистонликлар ва миграция

Йилларки, минтақада аҳолиси сони энг каттаси (ҳозир 32 миллионга яқинлашиб қолгани айтилувчи) бўлган Ўзбекистон собиқ Шўролар Иттифоқи ҳудудидаги "асосий ишчи кучи таъминотчиси" сифатида кўриб келинса, "бош истеъмолчи" айнан Россия бўлиб келган.

Агар, айрим ҳисоб-китобларга таянилса, ўзбекистонлик жаъми меҳнат муҳожирларининг тўртдан уч қисми Россиянинг ҳисобига тўғри келади.

Ўтган йилги расмий маълумотларда эса, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони икки миллион атрофида экани айтилади.

Ҳатто, бу рақамлар ҳам бир йил аввалгиси билан таққосланганда, тирикчилик илинжида Россияга йўл солаётган ўзбекистонлик мигрантлар сонининг 15 фоизга камайганига далолат қилади.

Яъни, сўнгги икки йил ичида Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари фоизининг ҳам изчиллик билан камайиб бораётгани кузатилади.

Соҳа экспертларига кўра, мавжуд вазиятга, бир томондан, Украина инқирозида тутган ўрни сабаб, Ғарб томонидан Россияга нисбатан устма-уст жорий этилган қатор санкциялар сабаб бўлган.

Бошқа тарафдан, айнан 2015 йилга келиб, Россияда миграция қонун-қоидаларининг кескин кучайтирилиши воқеълиги ҳам ўзининг жиддий сўзини айтган.

Янги тартиб-қоидалар

Бундан икки йил бурун Россияда меҳнат муҳожирларига патент беришнинг янгича тартиби жорий этилган, мавжуд ҳолат эса, уларни, айниқса, молиявий жиҳатдан мушкул аҳволда қолдирган.

Патент олиш учун кўзда тутилган янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, мигрантлар бунинг учун ОИТС, сил, тери-таносил касалликлари ва гиёҳванд модда истеъмол қилиш-қилмасликларини аниқлаб берувчиси дохил қатор тиббий текширувлардан ўтишлари шарт кўрилади.

Бундан ташқари, уларнинг тиббий суғурта, ИНН(солиқ тўловчининг идентификация рақами) рақамига эга бўлишлари, рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихидан имтиҳон топширишлари ҳам тақозо этилади.

Устига устак, меҳнат муҳожирларининг булар барчасига бир ойнинг ичида улгуришлари шарт кўрилади.

Акс-ҳолда уларнинг 10 минг Россия рубли миқдорида жарима пули тўлашларига тўғри келишлари айтилади.

Ўз вақтида муваффақ бўлган тақдирларида ҳам, меҳнат муҳожирларининг аввалига патент учун 14.5 рубль, кейинчалик уни чўздириш учун ойига 4 минг рублдан тўлаб боришлари шарт, деб кўрилади.

Агар, айрим ҳисоб-китобларга таянилса, пулга чаққанда, бутунбошли жараён Россияга четдан иш излаб келган меҳнат муҳожирига жаъми 1 минг АҚШ долларига тушиши мумкин.

Кредит олиш имкониятдан фойдаланган тақдирларида эса, аксарият ҳолларда уни ўз вақтида тўлашдан ожиз қолишади.

Яъни кетажак сарф-харажатларнинг миқдори ошиб бораётгани боис, улар Россияда меҳнат қилишлари учун лозим кўрилган ҳужжатларни рисоладагисидек тайёрлай олишмайди.

Ўзбекистон ва миграция

Меҳнат муҳожирлари Россиядан ортга юбораётган маблағлар Ўзбекистон иқтисоди учун қанчалик муҳим аҳамият касб этиб келаётганига қарамай, миграция муаммоси яқин-яқингача бу икки давлат ўртасида ҳукуматлараро даражада ўзининг ечимини топмаган.

Фақат 2015 йил ўрталарига келиб, матбуотда Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро ҳайъатларининг бунга оид махсус битимни ҳозирлашга киришиш ниятида эканликларига оид хабарлар пайдо бўлган.

Февраль ойида Россиянинг қатор етакчи ахборот агентликлари бу икки давлат ҳукуматларининг шу йил апрель ойида меҳнат миграциясига оид иккита келишувни имзолаш режасида эканликлари ҳақида хабар тарқатган.

Бу битимларнинг Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолияти юритиш учун Ўзбекистон фуқароларини жалб этиш ишларини ташкиллаштириш ва ишга ёллаш бўйича экани айтилган.

Россия Меҳнат вазирлиги вакили эса, айрим интернет нашрларига ҳужжатларнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Москвага амалга оширажак ташриф чоғида имзоланиши ҳақида маълум қилганди.

Ўзбекистон янги президентининг Россияга давлат ташрифига оид тарқалган дастлабки хабарларда эса, томонларнинг энергетика, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш, ҳарбий-техник ҳамкорликдан ташқари, айнан миграция сиёсатига оид масалани ҳам муҳокама этишлари айтилганди.

Минтақавий экспертлар барчасининг бирдек эътироф этишларича, айни шу масала Ўзбекистон янги Президенти Шавкат Мирзиёев қаршисида турган энг асосий вазифалардан бири бўлади.

Бунгача Ўзбекистон ҳукуматининг меҳнат миграцияси муаммосига ёндашуви фаолларнинг жиддий танқидларига сабаб бўлиб келган.

Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов Россияга иш излаб бораётган фуқароларини "дангасалар", деб аташгача борган.

"Москвада кўча супураётганлар бутун ўзбекларни шарманда қилаётгани"ни айтган.

Марҳум президент Ўзбекистоннинг ўзида "ҳеч ким очидан ўлмаётгани"ни таъкидлашни ҳам унутмаган.

Айни пайтда у ўзбеклар Россияда ишлаб топаётган миллиардлаб доллар маблағлар ҳақида ҳеч нарса демаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар