"Юнусобод бозорида гўшт ҳамиша 20 мингдан бўлган"

гўшт

Facebook ижтимоий тармоғида мижозлардан бири Шавкат Мирзиёев келиши арафасида Юнусобод бозорида бир кило мол гўшти 20 минг сўмдан сотилаётганини маълум қилди. Бироқ бозор маъмурияти Би-би-си билан суҳбатда махсус расталар гўшт ҳар доим 20 мингдан сотилиб келаётганини маълум қилди.

Потрибитель.уз гуруҳида пост қолдирган мижозлардан бири Юнусобод бозорида бир кило мол гўшти 20 минг, қўй гўшти 21 минг сўмдан сотилаётганини ёзди.

"Президентни кутишмоқда. Бозорда солиқ вакиллари ҳам бор. Халойиқ, арзон гўштга кеб қолинг", - деб ёзди у.

Би-би-си Юнусобод деҳқон бозори маъмурияти билан боғланганида гўшакни кўтарган ходим ушбу нархларни тасдиқлади.

"Махсус раста ва тадбиркорлар растаси бор. Махсус растада мол кўшти 20 минг сўмдан сотилаяпти, тадбиркорлар растасида 29 минг сўмгача сотиляпти. Бемалол сотиляпти", - дейди у.

Ходимнинг айтишича, махсус растадаги гўшт ҳар доим 20 минг сўм атрофида бўлган. Унга кўра, нархларни солиқ идораси белгилаб беради.

Потрибитель.уз гуруҳида изоҳ қолдирганлар бу каби "кўзбўямачиликлар" қачонгача давом этиши мумкинлигини сўрашган.

Изоҳ қолдирганлар Тошкентдаги бошқа бозорларда мол гўштининг лаҳм жойи 41 минг сўм эканлигини айтишган.

Президент Мирзиёев 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган видеоселектор давомида 15 июлда Юнусобод туманига ташриф буюриши ҳақида айтиб ўтган.

Ўзбекистонда давлат раҳбари ёки обрўли чет эл делегациялари ташрифи арафасида маҳсулотлар нархини мажбуран тушириш ҳолати олдин ҳам бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ