Акмал Саидов Мирзиёевга: Сиз депутатларга мастер класс ўтдингиз

Акмал Саидов Фото муаллифлик ҳуқуқи uza.uz

Олий мажлис депутати, ҳуқуқшунос Акмал Саидов Шавкат Мирзиёевни ҳуқуқшунослик борасида мақтаган. У Мирзиёевни Ўзбекистонда парламентаризм асосини яратганлардан бири эканлигини айтган. Ўзини шу вақтгача конституциявий ҳуқуқ бўйича мутахассис, деб хато ўйлаб юрганини эътироф этган.

Видеони томоша қилиш учун YouTube каналимизга боринг

"Ўзбекистонда миллий парламентаризмнинг асосини яратган инсонлардан биттаси ўзингизсиз. Мен парламентаризм бўйича, конституциявий ҳуқуқ бўйича ўзимни мутахассис, деб билардим. Мундоқ қарасам фақат Олий мажлисдан тушмаган эканман. Лекин маҳаллий кенгашлар даражасига хаёлимга келмаган экан", - деган у.

"Сиз биз депутатларга, нафат қонунчилик палатаси, сенатдаги, балки маҳаллий кенгашдаги депутатларга ҳам замонавий тилда айтганда мастер класс ўтиб бердингиз", - дея Мирзиёвни алқаган Акмал Саидов.

Сўзга чиққан қолган депутат ва партия аъзолари ҳам турли сабабларни келтириб Шавкат Мирзиёевни мақтаган ва унга миннатдорчилик билдирган.

Ўзбекистонда давлат раҳбарига мулозамат қилиш Ислом Каримов даврида ҳам авжига чиққан.

Президент Каримов ўз портретини офисларга осиб олмаслик ҳақида танбеҳ беришига ва Президент матбуот хизматининг бу борада огоҳлантириши чиқишига қарамасдан унинг суратлари идоралар ва кўчаларни тўлдирган эди.

Ўзбекистондаги ҳар бир ислоҳот Каримов номи билан боғланар ва унга ҳамду-санолар ўқиларди.

Янги Президент Шавкат Мирзиёев "ура-ура қарсакбозлик керак эмас, беш йилни қарсакбозлик билан ўтказмаймиз", дейишга қарамасдан мулозимлар унинг гапларини янада қуюқ қарсаклар ва мақташлар билан кутиб олишмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ