Мирзиёев Ўзбекистонда блокланган сайтлардан хабар ўқияптими?

элтуз
Image caption Элтуздаги мақола

Президент Мирзиёев Ўзбекистонда киришга тўсиқ қўйилган eltuz.сom сайтида чоп қилинган мақолани депутатларга ўқиб берди. Мирзиёев эрталаб интернетни ўзи очиб мақолани топганини ва унга уни ҳеч ким олиб кириб бермаганини айтган.

11 июл куни eltuz.com сайтида чоп қилинган мақолада Бешариқ туманидан Воҳид Амонов тилидан "Вақтида операция қилинганида хотиним тирик бўлар эди" сарлавҳали мақола чоп этилган.

Бир кун кейин ушбу мақолани чоп қилган Озодлик сайти Мирзиёев мақолани айнан Озодликдан ўқиб берганини хабар берган.

Мирзиёев ушбу мақолани 12 июл куни сиёсий партиялар ва парламент вакиллари олдида маърузаси чоғида ўқиб берган.

Мирзиёев видеосини томоша қилиш учун YouTube каналимизга боринг

"3 июл куни Бешариқ марказий шифохонасига келтирилган 25 ёшли аёл вафот этди. Унинг турмуш ўртоғи Воҳид Амоновнинг сўзларига кўра, фожеа хотинига биринчи тиббий ёрдам кечиктирилгани, шифокорларнинг лоқайдлиги туфайли юз берган", - дея мақоладан сўзма-сўз иқтибос келтирган Президент.

Президент фақатгина "Элтуз нашрига мурожаат этган аёлнинг эри", деган жумлани ташлаб кетган. Яъни мақолани ким чоп этганини айтмаган. Яна айрим жумлаларни ташлаб кетганини ҳисобга олмаса Мирзиёев мақолани тўлиқ ўқиб берган.

Мақолада марҳумнинг анализларини чиқармай, Олий мажлисдан текширув келди, деб лабороторияни ёпиб кетиб қолишганлиги айтилади.

Мирзиёев ўша жумлаларга алоҳида эътибор қаратган.

"Олий мажлисдан келади деб лабороторияни ёпиб қўйган. Катталар келади, деб. Ҳаммамиз катта бўлиб кеттик-ку. Мен вилоятга борсам иложи борича одамларни безовта қилманглар, деб илтимос қиламан. Мен нима учун узоқ районга бораман? Ижро органи раҳбарлари ўша ерга борсин, деб бораман. Тинчлик билан, соғлиқ борасида селекторни ўзим ўтказаяпман. Чунки соғлиқни сақлаш тизимида бизда тартиб йўқ", - деган Мирзиёев.

Элтуз сайти , Озодлик радиоси ва Би-би-си Ўзбек хизмати сайти каби Ўзбекистонда кириш тўсиқ қўйилган сайтлардан бири ҳисобланади.

Ўқувчилар бу каби сайтларга прокси серверлар орқали киради.

Вақтида Президент Ислом Каримовга ҳам мустақил ва халқаро нашрларда чоп қилинган мақола ва хабарлар киритиб турилгани айтилади.

Ушбу гапнинг тасдиғини Мирзиёевнинг сўзларидан ҳам англаш мумкин. У ушбу мақолани унга ҳеч ким киритмаганини, интернетни очиб ўзи топганини айтган.

Тўсиқ қўйилган сайтдан танқидий мақоланинг Мирзиёев томонидан ўқиб эшиттирилиши кутилмаган ҳол бўлган.

Кузатувчилар ушбу ҳолатни мустақил журналистларнинг таъқиб қилинмаслиги учун Президент томонидан берилаётган мужда сифатида баҳолашмоқда.

Мирзиёев ҳокимиятга келгач бир муддатлик танаффусдан сўнг Би-би-си Ўзбек хизмати Тошкентдан туриб ишлайдиган мухбир олиши ҳақида хабар берган.

Элтуз нашри журналист Қудрат Бобожон томонидан юритилади. Нашр асосан Ўзбекистондаги оддий одамларнинг муаммоларини чоп қилади. Сайтда амалдорлар ҳажвий суратлар орқали кескин танқид қилинишини ҳам кузатиш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Бу мавзуда батафсилроқ