Москвада Озодбек Назарбеков концерти огоҳлантиришсиз бекор қилинди

Хафа бўлган мухлислар чипталарни йиртиб ташлашган
Image caption Хафа бўлган мухлислар чипталарни йиртиб ташлашган

Москва шаҳрида таниқли хонанда, "Ёшлар" телеканали директори Озодбек Назарбековнинг концерти огоҳлантиришларсиз бекор қилинган. Минг кишилик залда 16 июл куни икки марта концерт қўйилиши керак бўлган. Концертга келганларга изоҳ берилмаган, айримлар пулларини ҳам қайтиб ололмаган.

Москвадан журналист Соҳиба Ҳайитбоевнинг айтишича, бундан 2 ҳафта олдин ҳам Озодбекнинг "Ёшлар" каналига директор этиб тайинланганидан сўнг ташкилотчилар концерт қолдирилмаслигини айтишган.

Соҳиба Ҳайитбоева билан суҳбатни тинглаш учун линкни босинг

16 июл куни кўплаб мигрантлар концерт кўриш учун белгиланган залга келган. Бироқ унинг қолдирилганини билгач ҳафсаласи пир ҳолда ортга қайтишган.

"Айримлар кўз ўнгимда жаҳл қилиб олган чипталарини йиртиб ташлади. Одамлар маданий дам оламиз деб узоқ-узоқлардан келган эди. Мигрантларнинг ҳурмати йўқми? Кечирим сўраб, огоҳлантирмайдими, деб мигрантлар хафа бўлаяпти", - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

Ижтимоий тармоқларда Озодбек Назарбековнинг концертини реклама қилиб, 16 июль куни келинглар дея даъват қилган видеоси ҳам чиққан эди.

Концертга чипталар ўртача 50 доллардан сотилган.

Журналист Соҳиба Ҳайитбоева концерт ташкилотчилари ва Озодбекнинг матбуот котиби билан боғланган. Бироқ улар концерт бекор қилингани ҳақида бирор изоҳ беришмаган.

Кузатувчилар Озодбекнинг Москвадаги концертга бормаганини унинг "Ёшлар" каналига директор этиб тайинлангани билан изоҳлашган.

Бироқ Озодбек телеканалга директор этиб тайинлангач Тожикистонда режалаштиририлган концертда чиқиш қилган.

"Тожикистондаги маданий тадбир эди, Москвадаги хусусий концерт шунинг учун келмаган бўлиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам мигрантларни сарсон қилиш керак эмас эди. Одамлар бошқа минтақалардан ҳам келишибди", - дейди Соҳиба Ҳайитбоева.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар