Британия Музейи Ўзбекистондан ўғирланган кошинни қайтаришга ёрдам беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Museum

Британиянинг нуфузли нашрларидан бири бўлмиш The Guardian газетасининг ёзишича, Бухородаги Чашмаи Аюб мақбарасидан бир парча Лондонда пайдо бўлган.

Исломий хаттотликнинг энг гўзал намуналаридан бири аксланган айни кошин ярим метр узунликда ва 2014 йилда "ғойиб бўлган", деб ёзади газета.

Музейлар каталоги ўзбек асарларининг йўқолишини бартараф қиладими?

Кошин Англиядаги Мэйфейр галереясида пайдо бўлади ва савдога қўйилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Museum
Image caption Чашмаи Аюб мақбараси пештоқидаги кошин ўрни бўш қолган.

Энг қизиғи, газетанинг ёзишича, ҳеч ким бу қадимий кошиннинг йўқолгани ҳақида хабар бермайди.

Оксфордлик олим бир тасодиф билан бу тарихнинг бир парчасини кўриб қолади.

Олим Ўзбекистонга сафарда бўлган ва Саймон Рей галереясининг каталогидан бу кошинни таниб қолган.

Саймон Рей галерияси кошинни сотиб олганига қарамай, айни ўғирликдан хабардор бўлгач, Британия музейи билан боғланади.

Яқин кунларда Британия музейи Ўзбекистон элчихонасига қадимий кошинни топшириши кутилмоқда.

Британия газетасининг ёзишича, кошиндаги ёзув унинг 1208-9 йилларга тегишли эканидан дарак беради.

Британия музейининг катта кураторларидан бири Dr St John Simpson бу топилдиқни "музейда туришга арзигулик" деб атаган.

Кошиннинг нархи бир неча ўн минг долларга тенг бўлганига ишонилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи British Museum

Чашмаи Аюб мақбараси Аюб пайғамбар шарафига тиклангани айтилади.

Газетанинг ёзишича, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кошин топилгани учун ўзининг "самимий миннатдорчилигини" изҳор этган.

Ўзбекистон ҳукумати Чашмаи Аюб мақбарасини таъмирлаш ниятида экан.

Dr St John Simpson ишонишича, кошин Ўзбекистондан самолётда Европага олиб чиқиб кетилган.

Британия музейининг Ўзбекистонга оид атиқалари сони кўп эмас.

Музей мулозимларига кўра, жами 250 та турфа атиқалар мавжуд.

Улар орасида асосан Ўрта асрларга тегишли кулолчилик намуналари, темирдан ясалган буюмлар, замонавий этнографик асарлар, миллий валюта ва расмлар бор.

Кошин 2014 йили қонунга зид равишда экспорт қилинган.

2016 йили октябрида кошиннинг Лондон шаҳрида экани аниқ бўлган ва зудлик билан Британия Музейига боғланилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар