‘Human Rights Watch’ ҳайъати августда Ўзбекистонга ташриф буюради

'Human Rights Watch' Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердловга кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг бу ҳақда Брюсселда янграган сўзларини ижобий қаршилашади.

"Биз маҳаллий ва халқаро фуқаролик жамиятлари учун фаолият майдони кенгайиб бораётганига оид ҳар қандай ишора ва чиқишларни ижобий баҳолаймиз", - дейди у.

Абдулазиз Комилов бу ҳақда Брюсселда бўлиб ўтган "Ўзбекистон-Европа Иттифоқи" ҳамкорлик Кенгаши йиғини ортидан уюштирилган расмий матбуот анжумани чоғида маълум қилган.

"Human Rights Watch Ўзбекистонга қайтиши мумкин"

'Асосий эътиборни инсон ҳақларига қаратинг'

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири 'Human Rights Watch'нинг август ойида Тошкентга ташриф буюражак ҳайъатига айнан Стив Свердловнинг бошчилик қилишини айтган.

Хабарларга кўра, Абдулазиз Комилов, бундан ташқари, халқаро ташкилотнинг ижроий раҳбари Кеннет Рот билан ҳам яқин мулоқотда эканликларини билдирган.

Стив Свердловнинг айтишича, жорий пайтда кўзда тутилаётган ташрифнинг аниқ қачон амалга ошиши борасида Тошкентдан қўшимча маълумот кутишмоқда.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, "унинг имкон қадар тезроқ амалга ошиши учун қўлларидан келганча ҳаракат қилишади".

'Human Rights Watch' қаторида бошқа ҳар қандай халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистонга қайтиши масаласини инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ анчайин умумий контекстда кўрамиз".

"Расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро қонунларда кўзда тутилган асосий вазифаларини бажаришга қодир ва буни қилиши шарт, деб ҳисоблаймиз".

"Бу - сиёсий маҳбусларнинг қўйиб юборилиши, сўз, фикр эркинлигининг таъминланиши ва пахта далаларида мажбурий болалар меҳнатига барҳам берилиши каби бошқа масалаларни кўзда тутади", - дейди у.

'Human Rights Watch' ва Ўзбекистон

'Human Rights Watch' 15 йиллик фаолияти ортидан, 2011 йил бошида Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпишга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов эса, шу ой бошида Тошкентдаги Халқаро Пресс-клубдаги мулоқот пайти 'Human Rights Watch' ва бошқа ноҳукумат нотижорат ташкилотлар Ўзбекистондаги фаолиятларини қайта бошлашлари мумкинлигини айтган.

Жаноб Комилов сўзларига кўра, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистонга қайтишлари мумкин, бу борада ҳеч қандай чеклов йўқ.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов яқинда 'Human Rights Watch' раҳбари Кеннет Ротдан мактуб олганини, бу мактубда ташкилот тадқиқотчиларининг Ўзбекистонга келишларига рухсат сўралганини айтган.

"Аммо, мазкур ташкилотлар бир нарсани тўғри тушунишлари керакки, Ўзбекистон ҳукумати билан амалий, ўзаро бир-бирини ҳурмат қилиб, Ўзбекистон ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда ҳамкорликни йўлга қўйишлари мақсадга мувофиқ бўлади", дея баён қилганди.

Халқаро ташкилотнинг ўзи эса, Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланишидан бор-йўғи беш кун ўтиб, ўтган йил декабрь ойида Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаган.

Ундан мамлакатдаги "инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ абгор аҳволни яхшилаш йўлида аниқ қадамлар қўйиши лозим"лигини айтган.

Бу халқаро инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти наздида Шавкат Мирзиёев ва унинг маъмурияти келаси 5 йил ичида:

-Сиёсий маҳбусларни озод этиши

-Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг масъул идоралари билан ҳамкорлик қилиши

-Қийноқларга чек қўйиши

-Матбуотга қўйилган чекловларни бекор қилиши

-Фуқаровий Жамиятларни ўз холига қўйиши

-Диний эътиқод эркинлигини таъминлаши

-Жинсий озчиликларга қарши дискриминация ҳолларига чек қўйиши

-Мажбурий меҳнатга якун ясаши

-Андижон қирғини юзасидан мустақил терговга изн бериши лозимлигини таъкидлаган.

Худди шу талаблари сирасида "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари бўйича 14 экспертининг узоқ йиллик сўровлари қондирилиши, уларнинг мамлакатга киришларига изн берилиши керак"лигини тилга олган.

Бошқа инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари қаторида Халқаро Қизил Хоч Ташкилотининг ҳам Ўзбекистонда нормал фаолият юритиши, ҳибсхоналардаги шарт-шароитни кузатиб боришларига имкон берилиши кераклигини айтган.

Маҳаллий ва Ўзбекистонда ўз фаолиятларига якун ясашга мажбур бўлганлари дохил халқаро оммавий-ахборот воситаларини расман қайддан ўтишларига рухсат бериш ва чет эллик журналистларга аккредитация бериш билан ҳам мамлакатда ростмана матбуот эркинлигини таъминлашга ундаган.

Мактубининг сўнггида "айни масалаларни муҳокама этиб олиш учун Шавкат Мирзиёев ва унинг ҳукумати тадқиқотчиси дохил ўз ходимларининг Ўзбекистонга сафар қилишларига изн бериши лозим"лигини ҳам айтган.

Аммо...

Муваққат президент экан, Бош вазир Шавкат Мирзиёев ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими фаолиятига боғлиқ янги фармонни имзолаган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари 21 октябрь кунги фармон суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадини кўзлагани ҳақида хабар беришган.

Айни шу фармонни имзолаши арафасида Либерал-демократик партиянинг қурултойида Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги суд-ҳуқуқ тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора ва ташкилотларининг фаолиятини танқид қилган.

У суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, адвокатуранинг роли ва ўрнини кучайтириш, шунингдек, жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётидан воз кечишни таклиф қилган.

Бундан аввал Ўзбекистон Сенати жаноб Мирзиёевнинг таклифи билан амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

Мирзиёевнинг президент вазифасини бажарувчи сифатида имзолаган илк қонунларидан бири ички ишлар идоралари тўғрисидаги қонун бўлган.

У, шунингдек, парламентнинг қуйи палатасига коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунни қабул қилишни таклиф этган.

Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илк қадамлари ва қонунчилик ташаббуслари мамлакатда ўзгаришларнинг муқаррар экани ҳақидаги умидларни уйғотган.

Аммо танқидчилар унинг фаолиятига ҳақиқий баҳони президент сайловларидан кейингина бериш мумкинлигини айтишганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар