Бокс афсонаси Руфат Рисқиев: ‘Пенсияни кўпроқ қилишсин...’

Руфат Рисқиев Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru

Хабарларга кўра, Виртуал қабулхона раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокимияти ходимлари ва бошқа масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ куни-кеча ўзбекистонлик донгдор боксчининг ҳол-аҳволи билан ҳам қизиқишган.

Хонадон ва уйларни кўздан кечириш, маҳаллий аҳолининг мурожаатларини жойларда ўрганиш учун туманга қилган ташрифлари давомида Руфат Рисқиевнинг ҳам уйида бўлишган.

Айтилишича, ана шу ташрифлари чоғида ишчи гуруҳ ўтган йил бир оёғи ампутация қилинган боксига "қандай ёрдам кўрсатиш мумкинлигини аниқлаган".

Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатига қулоқ тутинг.

Машҳур боксчи Руфат Рисқиев оёғи ампутация қилинди

Руфат Рисқиев оёққа турди

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу хабарлар манзарасида Тошкентдан Руфат Рисқиевнинг ўзи билан боғланиб, айни ташриф тафсилотлари билан қизиқди.

"Президентимиз уларга айтган экан. Ҳаммаси келди, полковник, прокурор келди, нималар келди...Олма олиб келишди, кейин яна майда-чуйда...Бўлди, энди, ҳаммаси бўлади, деб нима қилишди-да, подъездларимиз олдида мени расмга туширишди. Шу билан кетишди", - дейди суҳбатдошимиз.

Ишчи гуруҳининг кутилмаган бу ташрифидан қанчалик мамнун бўлганига оид саволимизга эса, Руфат Рисқиев, "Олма емагандим, мана, олма еяпман, Худога шукр", - дейди.

Ёрдам

Ўзбекистондаги қатор интернет нашрларининг "ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий тармоқда чоп этилган хабар"га таяниб ёзишларича, "Ҳақиқий спортчи Руфат Асадович, ҳаттоки, энг оғир вазиятларда ҳам ҳеч кимдан ёрдам сўрамаганман, деб жавоб берган".

Худди шу жумла эса, сўнггида ундов белгиси қўйилган "Ҳақиқий афсона", деган икки жуфт сўз ва ёки, таъбир жоиз, баҳо билан якун топган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Руфат Рисқиев билан суҳбати жараёнида боксчи айтгани маълум қилинган худди шу жумла тафсилотларига ҳам ойдинлик киритишга уринди.

"Қорним оч бўлган пайтда улардан сўрамаганман, энди сўрайманми? Қанақа қилиб сўрайман, менга овқат беринг, дейманми? Ҳаммасини кўриб туришибди. Мен ўзларингиз кўриб турибсизлар-ку, нимани айтишим керак, дедим".

"Улар сўрайди, мен келиб айтишим керак, нима қилишим керак..."Чақирмаяпсиз-ку", - дейишади. Нима, мен улардан сўрайманми, ўзлари келишлари керак", - дейди у киши.

"Мана, пенсия оламан, ҳозир кўтаришди - 700.000 сўм бўлди. Кеча олдим. 200 минг сўмини газ, чироқ, светларга бердим. Икки юз мингини ўғлимга бераман, ёнимда 300 минги қолади. Яхшироқ бўлди, вақтлироқ берди менга...Чўзиб, чўзиб ишлатсам, пенсиям бир ҳафтага етади. А пенсияни кўпроқ қилсин".

"Яхшиям, мана, акам бор, опам бор, ўшалар ёрдам беради, ўртоқларим...ёру дўстинг ўлмасин, деган гап бор экан, шу тўғри экан-да", - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, хабарларга кўра, ёрдамдан воз кечганига қарамасдан, масъул ташкилотлар зиммасига боксчи хонадонидаги муаммоларни ҳал этиш, унга тиббий ёрдам кўрсатиш, зарар бўлса, чет эл мутахассисларини жалб қилиш вазифаси юклатилган.

Маълум қилинишича, ушбу масалалар виртуал қабулхонанинг махсус назоратига олинган.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги жаҳон чемпиони.

1976 йилги Монреал Олимпиада Ўйинлари кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби.

Руфат ака, бундан ташқари, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони ҳам бўлади.

У киши ҳаваскор рингда ўзининг маҳорати билан "Тошкент йўлбарси" лақабини қозонган боксчидир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Алоқадор мавзулар