Россия-Қозоғистон: Чегарада сарсон ўзбекистонликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Чегара

Меҳнат патенти расмийлаштирмаган муҳожирларнинг катта қисмида ҳар 3 ойда Россияга қўшни визасиз давлатлар чегараларига бориб келишлари одатга айланган.

Мирзиёев мигрантлар учун нима қилиб берсин?

Алданган аёл

Россия: Мигрантлар жаримага тортилмайди

Бу усул қонунга қисман ҳилоф бўлса-да, яна 3 ой Россияда патентсиз юриш имконини беради. Муҳожирлар патент расмийлаштириш, ҳар ойлик солиқ, миграция ҳисобини узайтириш тўловларидан кўра, чегарага чиқиб келиш арзонга тушишини билдиришади.

Бу йўлни муҳожирлар учун тўла таваккалчилик дейиш мумкин. Чунки...

Хайр Украина, салом Қозоғистон!

2017 йил бошига қадар ўзбекистонлик муҳожирларнинг ҳар 3 ойда чиқиб келадиган манзили Украина чегаралари эди. Аммо Россия билан Украина орасидаги муносабатлар ёмонлашуви муҳожирларга ҳам ўз таъсирини ўтказди: уларнинг қатнашига қулай ва арзон бўлган чегара ёпилди.

Украина чегараларига бориб келиш учун Москвадаги муҳожирлар ўртача 24 соат вақт ва 3000 рубль (тахминан 50 $) сарфлашар эди. Бошқа вариантлар анчайин қиммат ва кўп вақт талаб қилади. Иложсиз қолган муҳожирлар нисбатан арзонроқ йўл - Қозоғистон чегараларини танлашди.

Россияда қонуний бўлиш учун эндиликда патентсиз муҳожирлар 2 кеча-кундуз йўл босишдан ташқари, 24 соатлаб Қозоғистон чегарасида навбат кутиш машаққатларини бошдан кечиришга мажбур бўлишмоқда.

2400 км йўл азоби

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Муҳожирликнинг аччиқ нони

Москва шаҳридан Қозоғистон чегараларига бориб келиш учун энг камида 36 соат вақт сарфланади. Одатда муҳожирларни чегарага элтувчи ҳайдовчилар 7, 11 ўринли автомобиллардан, ёки автобуслардан фойдаланишади. Куну тун ўтирган ҳолда йўл босиш асосий муаммо эмас. Муҳожирлар олдиндан йўл тадоригини кўриб, озиқ-овқатларини ҳам ўзлари билан олишади. Йўл-йўлакай ёнилғи қуйиш шахобчалари, ошхоналарга тўхтаб бироз оёқ чигилини ёзиш, ҳожатга чиқиш ва иссиқ чой ҳам ичишнинг ҳам имкони бор.

Аммо РФ чегарасидан чиқиб кетгунга қадар йўлда полиция, ФМС ходимлари, ҳатто ЙПХ ходимлари ҳам Москва рақамили автомобилларни тўхтатиб ҳар бир йўловчиларнинг барча хужжатларини бирма бир текширади. Муддати ўтган бирор хужжат, патентнинг ва хатто патент солиғига тўлаб борилган чекларининг биронтасини йўқлиги ҳам йўлда соатлаб ушлаб турилишга сабаб бўлади. Ва узоқ тортишувлардан кейин 500-1000 рубль "жарима" олиб, қўйиб юборишади.

Йўловчи муҳожирлардан бирида жиддийроқ қоидабузарлик аниқланса, уни ҳудудий ИИБ бўлимига олиб бориш, хужжатларини текшириш, далолатнома тузиш ва жарима ёки бошқа жазо турини расмийлаштириш учун 4-5 соат кетади. Ҳайдовчи муҳожирларни чегарага олиб бориб қайтариб келиш мажбуриятини олгани учун бир муҳожир туфайли автомобилнинг барча йўловчилари кутишга маҳкум.

Муҳожирлар билан боғлиқ йирик автоҳалокатларнинг аксарига айнан чегарага қатнашда ҳайдовчининг йўлда ухлаб қолиши сабаб бўлган.

24 соат ошхона ва ҳожатхонасиз

Image caption Муҳожирлик

Асосий муаммо Россия чегарасидан чиққач бошланади. Нейтрал ҳудудга киришингиз билан километрга чўзилган узунқатор навбатни кўриш мумкин. Бу йўловчилар - Қозоғистон чегарасидан ўтишга навбатга турган ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожирлар.

Қозоғистон, Россия ва бошқа чет эл фуқаролари навбатсиз ўтказиб юборилади. Бу ва божхона хизматида бир ёки икки ходим ишлаётгани сабабли узундан узун навбат ҳосил бўлган.

Икки километрлик чегара ҳудудини босиб ўтиш учун 12 соат бир томонга ва яна шунча вақт қайтиш учун сарфланади.

Чегара атрофида на ҳожатхона бор, на ошхона. Атроф бийдай дала. Муҳожирлар орасида аёллар, ёш болалар бор. Очликка чидаш мумкин, аммо ҳожат учун далага чиқишдан бошқа чора йўқ.

Меҳнат муҳожирига Россияда патент билан ишлаш қийин моддий қийинчиликлар туғдираётган бўлсада, патентсизлик тўлиқ таваккалчиликдир. Ҳар 3 ойда чегарага чиқиб кириш миграция қонунларига зид бўлганлиги учун муҳожирларнинг Россияга киритилмай қолишлари эҳтимоли ҳам юқори.

"Чегара бизнеси"

Россиядаги ҳайдовчи муҳожирлар орасида "чегара бизнеси" анча ривожланган. Нафақат Қозоғистон, балки Ўзбекистоннинг барча шаҳарларига автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Йўналишли такси ҳайдовчилари Москвадан Қозоғистонга бориб келиш учун ҳар бир йўловчидан ўртача 5000 рубль (тахминан 100 $ га яқин) хизмат ҳақи олишади.

Москва-Қозоғистон йўналишидаги трасса бўйида ўзбек чойхоналари куну тун йўловчи муҳожирлар хизматида. РФ чегарасига яқин манзилларда "питак" деб аталадиган автоқўнимгоҳлар ташкил қилинган. Айрим ҳайдовчилар йўловчиларини шу ерда бошқа автомобил (ёки автобус)га ўтказишади.

Иккинчи ҳайдовчи келишилган хизмат ҳақи эвазига муҳожирларни чегарадан ўтказиб қайтади. Йўловчилари янги миграция варақаси билан келгунларича, асосий ҳайдовчининг ухлаб дам олишга имконияти бўлади.

Шунга қарамай, яна Москвага қайтиш учун олдинда 16 соат йўл юриш лозим...

Дарвоқе, меҳнат муҳожирларининг жуда озчилик қисми янги миграция варақасини олиш учун бошқа йўлни танлашади.

Нисбатан қиммат бўлса-да (тахминан 300 $ атрофида), Озарбайжон ва Арманистонга бориб келиш анча ҳавфсиз ва машаққатлардан ҳолироқ бўлмоқда.

Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02