Диний идора тест синовларига доир фатво чиқарди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Ҳомиджон Ишматбеков ҳижобли абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилмаган олий таълим муассасининг мавқеъини қўллаб-қувватлади

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тест синовларига доир фатво чиқарган.

Унда синовлардаги ҳийлалар "ҳаром" экани таъкидланади.

"Ҳийла-найрангларга йўл берилса...илм қадрсизланиб,олимлар сони камаяди...Пайғамбаримиз САВ "Бизни алдаганлар биздан эмаслар", деб таъкидлаганлар... Бу иш одамларни алдашдир! Бу иш миллат истиқболига аниқ хиёнатдир!", дейилади фатвода.

Диний идора Фатво бўлими мудири Ҳомиджон Ишматбековнинг Би-би-сига айтишича, ушбу фатво мусулмонларнинг саволларига жавоб тарзида чиқарилган ва Фатво кенгашининг мавқеъини акс эттиради.

Аввалроқ Андижонда ҳижоб ўраган абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмаётгани ҳақида хабарлар олинганди.

Диний идора мулозими ҳижобли абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилмаган олий таълим муассасининг мавқеъини қўллаб-қувватлади.

Унинг айтишича, "ички тартиб-қоидаларга риоя қилиниши керак".

Андижонда ҳижобли абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмаган

Ўзбекистоннинг виждон эркинлиги ҳақидаги қонунчилигига мувофиқ, таълим муассасаларида "диний либос" кийиш тақиқланади.

Аммо "диний либос"нинг ўзи нима экани борасида тортишувлар мавсжуд.

Сўнгги пайтларда мусулмонлар динга кўпроқ эркинлик бериш, жумладан, хотин-қизларнинг жамоат муассасаларида бошларини ўраб юришга қўйилган тақиқларни олиб ташлаш борасида ҳукуматга чақириқлар билан чиқишган.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур аввароқ Би-би-си билан суҳбатда 1998 йилда қабул қилинган "Диний ташкилотлар ва виждон эркинлиги тўғрисидаги"ги қонун қайта кўриб чиқилиши кераклигини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02