"Пахта фермерга эмас, ўқитувчиларга керак"

ўқитувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи qo'rqmaslar

Sof.uz таҳририяти чоп қилган аудио ёзувда мактаб директорлари ва боғча мудираларининг туман халқ таълим бошқармасидаги мажлиси ёзиб олинган. Фарғона вилоят туманларидан бири эканлиги айтилаёган мажлисда халқ таълим бошқармаси бошлиғи ўқитувчиларга қишлоқ хўжалиги биринчи масала эканлигини уқтиради.

Унда айтилишича, ҳар куни мактаблардан 4 нафар, боғчалардан 2 нафардан ходим фермерларнинг пахтасини чеканка қилиш учун далага бориши мажбурий.

Туман халқ таълим мудирасининг гапларидан ушбу туман Фарғонадаги Ўзбекистон тумани эканлигини англаш мумкин. Мудира ўқитувчи ва боғча ходимлари иссиқда эзилмаётганини ва пахта фермерга эмас, ўқитувчиларга кераклигини айтган.

"Икки соат, уч соат ишлаяпти холос, Жа эзилиб кетгани йўқ иссиқдан. Биттамиз тепасидан турмасак, борганларга барибир. Сиз ўлиб, йўлкира қилиб жўнатасиз, тутқаторга ўтириб олгандан кейин бир пул. Ўша пахта бизга керак. У фермерга ҳам бошқасига ҳам ҳеч нарса керак эмас. Уларнинг мақсади бошқа, фермернинг ичида ҳам виждони бори саноқли".

Аудио файлни тинглаш учун линкни босинг

Мудиранинг гап сўзларидан ушбу топшириқлар Фарғона вилоят ҳокимиятидан келаётганини англаш мумкин.

"Ўзингизча Америка очиб олманг. Вилоят ҳокимига биз қаршимиз, десангиз, марҳамат кириб айтиб кетаверинг. Мен қилолмайман бу ишни, менга буюрманглар, мен мустасно, деб айтиб кетасиз", дейди у.

Йиғилишда мактаб ва боғчалардаги мажбурий йиғим масаласи ҳам кўтарилган. Мудира бундан бир ярим ой бурун бўлган концерт ва сотилган қандайдир китоб пулларини мактаб, директорлари ва боғча мудирларидан тезроқ йиғиб беришни талаб қилган.

"Иккинчиси қарздорлигингизни ёпиб беринг. Концертга одамингиз келганми, келмаганми, буни ўша кунлари қабул қилгансиз. 1,5 ой бўляпти, олиб келиб тўлаб қўйинг. Китобнинг қарздорлигини ҳам узиб қўйинг"

Туман халқ таълими бошқармаси мудирасининг гапларидан жойларда пенсионерлар пенсия пулини олиш учун яна қайтадан пластикка ўтказишга мажбурланаётганини кўриш мумкин. Бу иш ҳам ўқитувчи ва боғча ходимларига юкланган.

Мудира кўчада одамлар Президент Мирзиёевнинг сиёсатига қарши иш қилаяпсизлар, деб савол бермаслиги учун ўқитувчиларнинг қариндошларини пластикка ўтказишни талаб қилган.

"Кейин пенсионерларнинг пластикка аризаси. Аризани биринчи мактабда 70 та одам бўлса, 70 одамдан биттадан ариза келиши шарт. Ҳисоб китобига шу ҳақта берилган холос. Бугун чоршанба бўлса, шанба куни якун қиламиз. Ҳеч бўлмаса ўзининг онаси дадасини 30 фоиз пластикка ўтказилсаям. Тушунасизлар нимага айтилаётганини, буни таҳлил қилиш керак эмас. Маҳаллада юрса савол бўлади, ўшани учун кераги йўқ. Ҳамма ўзининг яқин одамини 30 фоизга тушунтира олиши осонроқ бўлади. Кеча Президент бундай дейишувди, нимага санлар бунақа қиляпсанлар, деган савол кўчада юрсангиз миллион марта берилади сизга. Шунинг учун кўчада юрмасдан, ҳамма ходимингиз ўзининг отасими, онасими яқининикини 30 фоиз қилиб келса, гап сўзлардан ҳам ҳоли, осонроқ битади ишингиз", дейди у.

Би-би-си ушбу масала бўйича Фарғона халқ таълим бошқармаси ва вилоят ҳокимиятидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Вилоят ҳокимиятидан гўшакни кўтарган ходим масъул шахсларнинг барчаси мажлисда эканлигини айтди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ