Ҳоким картошка нархини ўқитувчилар эвазига туширмоқчими?

ўқитувчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи qo'rqmaslar

Sof.uz таҳририяти чоп қилган аудио ёзувда Фарғонадаги туман халқ таълими мудираси ўқитувчилар иккинчи экинга картошка экиш кераклиги ҳақида гапиради. Ушбу ишга улар вилоят ҳокими томонидан мажбурланаётгани ва шу билан бозорда қимматлаб кетган картошка нархини тушириш мақсад қилинганини англаш мумкин.

Ўзбекистон тумани халқ таълими бошқармасидаги йиғилиш эканлиги айтилаётган аудиони эшитгач, мактаб ва боғчалар ҳокимият томонидан ўриб олинган буғдойнинг ўрнига иккинчи экин экишга мажбурланаётганини билиш мумкин. Мудиранинг гапларидан англашилишича, иккинчи экинга картошка экиш буйруғи ҳам ҳоким томонидан бўлган ва картошка униб чиққач натижани шахсан ҳоким вакили текшириб олади.

"Иккинчи экин билан шартномалар қиляпсиз-а, фермер билан. Иккинчи экинга шартнома қилдингизми, картошка экамиз экан. Ҳали эртага 1 ҳафта 10 кундан кейин униб чиқиш вақти келганда, ўзиз еталаб олиб юриб кўрсатасиз менга деди. Бугун сен шартномани беряпсан, боғча мактабларига эртага ҳақиқий ҳолатни боғчанинг мудираси, мактаб директорларини битта автобусга солволиб менинг вакилимга кўрсатиб берасан. Эртага сармоянгни текшираман, деди. Менга ёлғон маълумот керак эмас".

Аудио файлни тинглаш учун линкни босинг

Мудира айтишича, афтидан ҳоким фермерларга ишонмайди. Фермерлар фойда кўриш учун иккинчи экин экиш учун ер майдонини бошқаларга пулга ижрага бериб юборяпти. Ўқитувчилар эса текин ишлайди. Вилоят ҳокими ўқитувчиларни далада ишлатиш орқали картошка нархларини туширишни режа қилган кўринади.

"Нимага бизни мажбур қилиняпти. Бизга ташланяпти. Фермер - ноинсоф сотиб юборяпти, иккинчи экинга. Бугун картошканинг нархи мана бунча сўм. Бугун боғчанг экса ўзига бўлади, мактабинг экса сотиб сармоясига туширади, эртага бир даромад бўлади ўзига, шунинг учун айтиляпти. 66 та мактабингдан бир тоннадан картошка чиқса, 66 тонна картошкани сотса, нархип тушиб халққа жиндай фойда бўлади. Ўзининг жамоасига сотса ҳам ўша бозордан кўра 50 фоиз нархига сотса ҳам ютади, деган мақсадда қилиняпти бу".

"Ўқитувчи ишдан қайтганидан сўнг оддий аҳолига айланади"

Ўзбекистон туман ҳокимининг ўринбосари Анваржон Абдуллаев Би-би-си билан суҳбатда ўқитувчиларга иккинчи экин экиш сифатида ер майдонлари ажратиб берилаётганини тасдиқлади.

"Ҳар битта боғча ўзига захира қилади. Ўша захира арзонроқ тушиши учун. Фермерларнинг еридан, 10-20 сотих олиб берсак, захира қилиб олинглар деган мақсадда айтиляпти. Бу мажбурий эмас. Буни мактаб ходими ўзининг рўзғори учун экиб олиши мумкин. Нарх-наво бозорда ошиб кетиши мумкин-ку. Ошиб кетмаслиги учун ўзингларга 5-10 сотих экиб олинглар,деган мақсадда бериляпти. Бозорда қиммат бўлса, ўзига захира қилиб олади".

Анваржон Абдуллаевнинг айтишича, иккинчи экинни экмайман, деб бош тортган ўқитувчи ва боғча ходимига ҳеч қандай чора кўрилмайди.

"У ихтиёрий равишда бўлади, ҳеч қанақа чора кўрилмайди. Биз уларнинг фойдасини кўзлаб айтаяпмиз. Фойдаси ўзига, уни бирор жойга режа сифатида топширмайди-ку. Ўқитувчи ҳам ишдан қайтганидан сўнг аҳолига айланади. Ўзининг рўзғори учун қилади. Шу мақсадда таклиф билидириляпти, холос".

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ