Нью Йоркда ўзбек тўйхонаси очиладими?

Тадбиркор ва ошпаз Эркин Эргашев
Image caption Тадбиркор ва ошпаз Эркин Эргашев

Асли самарқандлик Эркин ака Эргашев ўз тандиру ўчоқларини АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида, Ўзбекистон, қолаверса Марказий Осиё халклари зич истиқомат қиладиган Бруклин шахарчасида ўрнатиб олган. Эркин ака мижоз кўплигидан энди бу ерда тўйхона очишни режалаштирмоқда.

Image caption Бу тандир Америкага Ўзбекистондан океан оша пароходда келтирилган

Унинг ўчоғи йиллар давомида ватандошларни миллий таомлар ила шу ерда бирлаштириб келмоқда. Аммо бу иш осон кечган эмас. Ҳаммаси Эркин аканинг 2000 йиллар бошида таваккал килиб Ўзбекистондан тандир келтирганидан бошланган.

"Биз илк тандиримизни бу ерга Самарқанддан келтирганмиз. Карго (транспорт-экспедицион юк ташиш хизматини курсатувчи ширкат номи) орқали, самолётда келтиришганди. Ҳозиргисини эса океан оркали, пароходда келтиришган. Бир дўстимизга буюртиргандик, бирданига икки-учта тандир келтирди бизга", - дейди Эркин Эргашев.

Image caption Эркин аканинг сомсалари Бруклинда анча машҳур

Бежизга эмас, эндиликда АҚШга кўчиб келган ўзбекистонликлар сони ҳам, тинч океан ортига вақтинча, ўқиш ва ишга келаётганлар сафи ҳам тобора ортиб бормокда.

Демак, тандир ўрнатиб элга миллий таом таклиф қилаётган ошхоналар сони кўпайиши замон талаби.

Расмий маълумотларга қараганда ҳозирги кунда АКШ ҳудудида 100 мингдан кўп ўзбекистонлик яшайди.

Бундан ташқари сўнгги 3-4 йил давомида ҳар йили 4-5 минг ўзбекистонликларга «Грин карта» лотореясида омад кулиб боқмоқда.

Демак, шунча юртдошлар АКШни ўзининг доимий манзилига айлантираяпти.

Ўзбекистонликлар асосан Нью-Йорк, Нью-Джерси, Иллинойс, Индиана, Вирджиния, Пенсильвания, Флорида ва Калифорния штатларида зич истиқомат қилишади.

"Ўзим 2000 йилдан буён Бруклинда яшайман. Биз кўчиб келганимизда бу атрофда 2-3 ватандош яшашарди, холос. Биз Бруклинга кўчиб келган илк самарқандликларданмиз, бундан ташқари тўлиқ ишонч билан айта оламанки, миллий таомлар ресторанини бу ерда биринчилардан бўлиб очган ҳам ўзимиз", - дейди Эркин ака.

Шу атрофда ватандошлар сафи ортаётганини кўриб, улардаги эҳтиёжни ўз вақтида пайқаган тадбиркор ишга киришади.

"Бизнинг бизнесда маҳаллий халкларга суяниб иш тутиш амримахолдир, чунки уларнинг таомларимизга меҳр қўйишлари учун кўп вақт талаб этилади. Улар ресторанларимизга асосан шунчаки бошқа халк таомларини татиб кўриш учунгина вақти-вақти билан кириб туришади. Шунинг учун мижозларимиз асосан ўз ватандошларимиз".

Image caption Дилшод ва унинг дўсти Америкада ҳам "калла поча" ейишни канда қилмайди

38 яшар Дилшод бугун Эркин аканинг ошхонасидаги илк мижозлардан, у ўз дўсти билан «Калла поча» шўрвасини ичишга келган. Бу одат унга Самарқанддан қолган. У 2011 йили «Грин карта» лотореяси оркали АҚШда доимий яшаш учун кўчиб келган бўлса-да эски одати, эрта нахорда молнинг бош ва оёқларидан тайёрланадиган шўрва ичишни канда қилгиси йўк.

"АҚШга, хусусан Нью Йоркка кучиб келганимдан сўнг икки ой ўтар ўтмас Эркин аканинг ошхонасини ўзим учун кашф этганман. Бу ошхона тўғрисида бу ерга олдинроқ кўчиб келган юртдошларимиздан хабар топгандим. Шундан сўнг у кишининг доимий мижозига айландим. Орадан тўрт ой ўтар ўтмас Нью Йоркнинг қаерида яхши ош пишириларини-ю, қаерида сомса, манти ва бошка миллий таомларимизни ўзимиздаги каби тайёрлашларини ўргандим", - дея миллий ошхоналар билан дастлабки танишуви хакида эслайди самарқандлик Дилшод.

Image caption Абдумажид ака 10 йил ўтса ҳам Макдональдсларга ўрганолмаган

54 яшар Абдумажид ака эса Нью Йоркда 10 йилдан буён яшайди. Ҳайдовчилик билан машғул Абдумажид аканинг касби овқатни тезда тановвул қилиб яна ўз вазифасига киришишни талаб этади. Дастлабки йилларда унинг бу эхтиёжини машҳур Макдональдс тармоғи қондирган, ҳозир эмас. Ўн йил ўтса ҳамки у америкаликларга хос одатларни ўзига сингдиролмаган.

"Макдональдс америкаликларнинг таоми, - дейди ҳайдовчи Абдумажид ака, биз ўзбекистонликлар эса қаерда маззали таом бўлса ўша ерда ҳозиру-нозир", дея кулиб қўяди.

Суҳбат давомида, бу каби ошхона Абдумажид акага ўхшаганлар учун яна бошқача маънода ҳам хизмат килишини билиб оламиз:

Абдумажид ака:

- Мен бу ерга кун ора кириб тураман. Шанба якшанба кунлари кўпчилик бўлиб келамиз, бир пиёла чой устида дўстона сухбатлар қурамиз, Самарқандни хотирлаймиз. Ўзаро янгиликлар билан ўртоқлашамиз. Бу ерда ошни ҳам, шашлик, манти, сомса-ю шўрваларни маззали килиб пиширишади. Авваллари бу атрофда бундай жойлар жуда кам эди.

Дилшод:

- Бизлар учун бу ер ўзига хос чойхона ҳамдир. Чунки биз бу ерга келиб кимнинг уйида тўй, кимнинг хонадонида таъзия билиб оламиз. Бундан ташкари ватанимизнинг маҳалла-ю, гўшаларида қанақанги янгиликлар юз бераётганини ҳам шунақа жойлардан эшитиб қоламиз.

Image caption Мижозлар асосан ўзбекистонлик муҳожирлар

Эндиликда Нью Йоркдаги ўзбекистонликларнинг борадиган жойлари кўпайган, демак бу Эркин ака каби тадбиркорлардан ишни янада ривожлантиришга ундайди.

Рақобат ошаётганлигидан яна бир ҳолат далолат бермокда. Бу ерлик ватандошлар сўнгги пайтларда худди ўзлари туғилиб ўсган маҳалла чойхонасига чиқиб бугун «Чорсу ошига борамизми, ёки …., қабилида, олис Нью Йоркда ҳам : "Бугун Дитмасдаги ошга борамизми ёки 18 Авеньюдагигами ?", - дейдиган бўлишган.

Буни пайқаган Эркин ака Эргашев ўз бизнесини кенгайтириш борасида фикрламоқда.

Ундан ўзбек миллий таомларини таклиф қиладиган тармоққа асос солишни ҳам кўзлаётгандирсиз, деган саволимизга суҳбатдошимиз шундай жавоб берди:

"Чикагода хам Бруклиндаги каби ресторан очишни таклиф этишмокда. Айтишларича, у ерда хам ватандошларимиз сафи кенгайган ва уларда хам ресторанларга бориб ўзимизнинг миллий таомларимизни танаввул килишларига эҳтиёж бор. Мен бу таклифларни эътиборга олдим. Лекин ҳозирда менинг мақсадим ўзгача".

Image caption Эркин ака энди тўйхона очмоқчи

Эркин ака, халқ орасида юрар экан улардаги бошқа эҳтиёжни ҳис этган. Тадбиркорнинг айтишича Нью Йоркда, унинг атрофида яшаб келаётган юртдошлари учун шинам тўйхона етишмаяпти.

Менинг ҳозирги мақсадим, халкимиз учун Бруклинда муносиб туйхонани ташкил этиш. Бу иш осон эмас, унинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Масалан, кенг жой керак. Лекин, ният қилганмиз ва муносиб жойни топгач ўз тўйхонамизни албатта очамиз, - дейди Эркин Эргашев.

Шу ўринда биз суҳбатдошимиздан бу ердаги бизнес муҳит, шароит ва ушбу шароитларнинг Ўзбекистондагидан фарқи хусусида қизиқдик.

Image caption Ўчоқда олов мана шундай ёнади

«Бу ерда бизнесни юритиш Ўзбекистондагидан фарқ қилади», - дейди Эркин ака, - АҚШда бизнес қилишнинг осон томони шундаки, агарда ишни туғри юритсангиз, ишингиз ривож топаверади ва бунинг учун имкониятлар ҳам катта. Ўзбекистонда эса пул талаб килиб келадиган назоратчиларнинг кўплиги ҳеч кимга сир эмас", - сўзини давом эттиради у.

Image caption Ош ва сомсалар Нюь Йоркдаги янгилик эмас

Ўз тажрибасига асосланиб суҳбатдошимизнинг ҳикоя килишича, тадбиркор ишни қонун асосида ташкил этса, солиқларни ўз вақтида тўлаб турса бу ерда бошка ҳеч ким унинг фаолиятига аралашмайди. Ўз муваффақиятини эса Эркин ака, шунингдек барча таомларни ўзи тайёрлаши, иш жараёнини ҳам ўз назоратидан қолдирмаганлиги, шунингдек мижозларга бўлган эътиборидан деб билади.

Image caption Ошхона одатда ўзбекистонликлар билан гавжум бўлади

"Кундалик ишим борасида гапирадиган бўлсам, барча таомларнинг 70 фоизини ўзим пишираман. Ошхонада 5 та ошпаз ва ёрдамчиларим бор. Лекин, таомларни пишириш жараёнида ўзим уларнинг бошида тураман. Чунки бу менинг бизнесим, ўзим кайғурмасам бўлмайди, ошпазлик жараёнидан бехабар қолишим мумкин эмас. Ахир, мижозлар мени деб, менга ишониб ресторанимизга келишади-ку".

Самарқандда савдо ва тижорат билан машғул бўлган Эркин ака АҚШда ошпазлик, миллий таомлар пишириш орқали ўз ўрнини топган. Бу иммиграцияга хос холат. Янги жой, янги муҳит, янги давра. Шунда одам ўз ҳунари ва маҳоратларини бирма бир синаб кўради. Эркин ака ҳам ушбу кечинмаларни бошидан ўтказган. Миллий таомларимизнинг шохи, ош пиширишни устамонлик билан уддалаган Эркин ака, шу йўналишни ўзига бизнес қилиб олган.

Суҳбатдошимиз яна бир воқеьликни ўз ватанидан олисда ҳам муваффаққият козонишига сабаб деб биларкан.

"Беҳудага айтишмайди-ку, ота-она касбини қадрлаган хор бўлмайди деб, ошпазлик мен учун ота касби, - дейди Эркин ака, - фарзандлар орасида отам танхо менга қўл берганлар, отамнинг касбини танлаганим боис муваффаққиятга эришиб келаяпман деб ўйлайман», - дея қўшиб қўяди суҳбатдошимиз.

АҚШга кўчиб ўтганидан сўнг Эркин Эргашев дастлаб бошқа ресторанга асос солган, ҳозиргисини эса 2016 йилда очган. Аммо, ҳар икки ҳолатда ҳам у тандир ва катта учоқни мижозлар кўриб турадиган жойда ўрнатган. Токи одамлар миллий таомларимиз асл услубда тайёрланишини кўрсинлар.

Суҳбат давомида мижозлардан яна бири «Эркин ака каби одамлар, миллий таомлар орқали юртдошларни бирлаштириш қатори, халқимиз маданияти, ошхонаси билан америкаликларни ошно этаяпти, бу яхши-ку», деган фикрни билдирди.

Аммо, биз борган кун америкаликлар ҳали тандир атрофида гавжум бўлмаса-да, ресторан ўз тандири ва ўчоғини соғинган юртдошларга лиммо лим эканлиги рост.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ