"Уй мусодараси судлари қайта кўриб чиқилиши керак"

Кўп хонали уй ёнида турган милиция ходимлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Sof.uz

Тошкент шаҳар милицияси раҳбариятига кўра, "фоҳишахона ташкил қилиш жинояти қуроли" сифатида кўрилган уйларнинг ҳаммаси ҳам мусодара қилинган эмас.

Asiaterra.info мустақил Интернет нашри муҳаррири Алексей Волосевич эса сўнгги йилларда Тошкентда ана шу важ билан бўлиб ўтган барча суд ишларини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.

Asiaterra.info, kommersant.uz, Uzmetronom.com ва centre1.com Интернет нашрлари Тошкентдаги квартиралар қаллобликлари ҳақида ёзганлар.

Аниқ мисоллар билан ўзининг Тошкентдаги уйларидан айрилиб қолган инсонларнинг ҳикоялари келтирилган.

Ижарага берилган, баъзан эса ижарага берилмаса-да, бўш ётган квартирада милиция ходимлари "фоҳишахона топганлар".

Гўёки яшаган квартирасида қонунга зид шароитда жинсий алоқа билан шуғулланган ижарада яшовчи инсон жаримага тортилган.

Квартирани эса суд қонуний эгасини хабардор этмасдан "жиноят қуроли сифатида мусодара этиш" ҳақида қарор чиқарган.

Мусодара қилинган квартира "сув текин" сотиб олинган ва ҳақиқий бозор баҳосида сотилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Nur.kz

Ушбу мавзуни ўрганган журналистлар фикрича, бу қонунга зид иш билан милиция, суд, прокуратура ва ҳокимликларда ишлаган инсонлар ўзаро тил бириктирган ҳолда шуғулланганлар.

Квартираларнинг қонуний эгалари Ўзбекистондаги турли масъул идораларга шикоят ва мурожаатлар билан чиқиб ҳам ўзининг ва уйининг айбсизлигини, ноҳақдан уйини тортиб олаётганларини исботлай олмаганлар.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаевнинг айтишича, йил бошидан буён Ўзбекистон пойтахтида 400 га яқин фоҳишахона мавжудлиги аниқланган ва шунинг "жуда кам қисми" мулк мусодарасига олиб келган.

"Аниқланган ҳар бир ҳолат бўйича биз хонадон ва уйга ташриф буюрамиз. Агар у ерда фаол фоҳишахона ушлашга ҳаракат қилган бўлсалар биз қарор қабул қилишни суд ихтиёрига қолдирамиз, ўшанда сув мулкни мусодара қилиш масаласини кўриб чиқади. Лекин бундай ҳолатлар жуда кам", - деб айтган Дониёр Тошхўжаев.

Интернет нашрлари "фоҳишахона"га айлантирилган" деган важ билан квартираларни давлат ҳисобига мусодара қилиш 2015 йилдан бошлангани ва шу кеча-кундузда ҳам учраб тургани ҳақида ёзмоқдалар.

"Охирги йилларда мусодара билан боғлиқ кўриб чиқилган барча жиноят ишлари мажбурий тарзда қайта кўриб чиқилиши керак. Бунда коррупция ҳолатларига йўл қўйилганми ёки йўқми, оддий фуқаролар талон-тарож қилингани ёки йўқлиги кўриб чиқилиши лозим", деб айтган Asiaterra.info мустақил Интернет нашри муҳаррири Алексей Волосевич.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02