Ўзбекистонлик муҳожир миллатчилар хужумига учради

Ғуломқодир Санкт-Петербургда ошпазлик қилади
Image caption Ғуломқодир Санкт-Петербургда ошпазлик қилади

Чирчиқлик Ғуломқодир Санкт-Петербургда юртдошларини ҳимоя қилмоқчи бўлгани учун миллатчилар томонидан калтакланди. Безорилар уни ҳушидан кетгунча калтаклаб, ёнидаги пули ва қўл телефонини олиб қочишган.

Ғуломқодирнинг ҳикоясини тинглаш учун линкни босинг

30 ёшли меҳнат муҳожири яқинда ишдан қайтаётиб, миллатчилар тўдасига дуч келган. Унинг айтишича, бир гуруҳ маҳаллий ёшлар ўзбек ота ва ўғилни уриб қийнаётганининг гувоҳи бўлган. Ғуломқодир бу воқеага бефарқ ўта олмай, уларни муросага келтирмоқчи бўлади. Аммо ўзи калтакланади.

- Ёшлари 50 дан ошган ака ва унинг ёнидаги ёш ўғлини ўндан зиёд йигитлар ўртага олиб уриб, дўпписини отиб эрмаклаб устидан кулаяпти. Ака ҳам, ўғли ҳам рус тилини билмайди, ўзбекчалаб "ундай қилманглар-ей" деб ёлвораяпти. Кўриб шундай ўтиб кета олмадим, - дейди Ғуломқодир.

Ошпазлик қилувчи меҳнат муҳожирининг сўзларига кўра, маҳаллий ёшларни инсофга чақирмоқчи бўлган. Аммо ўзи нишонга айланиб қолган.

Миллатчилар ўзбекистонлик йигитни ҳушидан кетгунча калтаклашган, қўл телефони ва пулларини олиб қочиб кетишган. Ўткинчилар "Тез ёрдам" чақиришган ва муҳожир касалхонага олиб кетилган.

- Кўзимни очсам, касалхонадаман. Демак, ўлмабман, дедим ўзимга ўзим. Бошим бойлаб ташланган, тишларим синган, - дейди Ғуломқодир.

Зўравонлик ва ўғрилик юзасидан безориларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ