Озодбек Назарбеков "Ёшлар" телеканали директорлигидан кетди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Афтидан, Президентнинг қарори қўшиқчининг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлган.

Ўзбекистон Халқ артисти Озодбеков Назарбеков "Ёшлар" телеканали директорлигидан истеъфо берган.

Би-би-си манбаъсига кўра, Назарбеков раҳбарликдан ўз илтимоси билан кетган, аммо ўз истеъфосини нима билан асослагани маълум эмас.

Озодбек Москвадаги концертга келмади

Мирзиёев Озодбек борасида қовун туширдими?

30 июнь куни ўтган "Камолот" ёшлар ҳаракатининг охирги қурултойида Мирзиёев қўшиқчини "Ёшлар"га раҳбар этиб тайинлаган ва уни бутун мамлакат ёшларига ўрнак қилиб кўрсатганди.

Мирзиёев ёшларни ижтимоий ва сиёсий фаолликка жалб этишда Назарбековни ўз таъсиридан истифода қилишга даъват этган.

Давлат раҳбари қурултойда ҳозир бўлган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раҳбарини "Назарбековга халақит бермаслик" ҳақида огоҳлантирган.

"Озодбекка мешать қилсанг, одамларингнинг 50 фоизини кесиб ташлайман", деган Мирзиёев МТРК раҳбарига.

Афтидан, Президентнинг қарори қўшиқчининг ўзи учун ҳам кутилмаган бўлган. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик Назарбековнинг журналист эмаслигини писанда қилиб, унинг лаёқатига шубҳа билдирган.

Ўзбекистондаги айрим нашрлар Назарбеков "Ёшлар" телеканалида Бош продюсер лавозимида қолишини ёзмоқда.

Аммо Би-би-сига маълум бўлишича, телеканалда Бош продюсер лавозими йўқ.

Озодбек Назарбековнинг телеканал раҳбарлигига тайинланиши Мирзиёев кадрлар борасида қабул қилган энг шов-шувли ва зиддиятли қарорлардан бири бўлган.

Президентнинг ушбу истеъфога муносабати қандай бўлгани маълум эмас.

Айни пайтда "Ёшлар" телеканалига Мадамин Сафаров директор этиб тайинлангани хабар қилинмоқда.

Сафаров бунга қадар "Тошкент" телеканали директори лавозимида ишлаб келгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар