Россияга қарши янги санкциялар эҳтимоли Марказий Осиё учун нимани англатади?

Путин ва Трамп Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Дональд Трампнинг қаршилигига қарамай, АҚШ Конгресси (Вакиллар палатаси) Россияга янги санкциялар киритиш масаласини ёқлаб, овоз берди.

Хабарларга кўра, бу - Россиянинг 2016 йилдаги АҚШ президент сайловидаги "аралашуви"га қарши жавоб амали бўлади.

Кўзда тутилаётган янги жазо чоралари эса, россиялик юқори мартабали мулозимларга қаратилади.

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов таҳлилида.

Россияга қарши жазо чоралари кучайтирилди

Россия Ғарбдан озиқ-овқат келтиришни тақиқлади

Таҳлилчиларга кўра, бу - Россия билан ўзаро алоқаларни яхшилаш умидида бўлган президент Трампни анчайин мушкул аҳволда қолдириши мумкин.

Россия томонига кўра, бу овоз беришлар икки давлат ўртасидаги "муносабатларни нормаллаштириш" эҳтимолини чиппакка чиқариши мумкин.

Имзо чекиши учун президент Дональд Трампга юборилмасдан аввал янги санкцияларга оид ҳужжат лойиҳаси АҚШ Сенати тасдиғидан ҳам ўтиши шарт кўрилади.

Сўнгги янгилик манзарасида Оқ Уйнинг расман билдиришича, ҳозир бу ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқишмоқда ва жорий паллада унга президент Трампнинг вето қўйиш-қўймаслиги номаълум.

Устма-уст санкциялар ва Марказий Осиё

Президент Путинни Украина шарқидаги вазиятни беқарорлаштиришда айблаётган АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи 2014 йилдан бошлаб, Россияга ўз жазо чораларини киритишни бошлаган. Орада уларни бир неча бор узайтирган.

Ғарб, хусусан, Оврўпо Иттифоқи жазо чораларининг таъсири икки томонлама бўлиши ва бундан ўзи ҳам зарар кўришини тан олади.

Аммо ғарблик сиёсатчиларга кўра, Президент Путин бундан бошқа чора қолдирмаган.

Санкциялар Россия иқтисоди ва шахсан жаноб Путин учун оғриқли бўлиши айтилади.

Россия иқтисоди ҳозирнинг ўзида деярли ўсишдан тўхтаган ва Марказий Банк рублнинг қийматини ушлаб туриш учун барқарорлик жамғармасидан миллиардлаб доллар сарфламоқда.

Юз минглаб ўзбекистонликлар Россияда мавсумий ишлар билан банд экани ҳисобга олинса, жазо чоралари уларнинг иш топиш истиқболларига салбий таъсир кўрсатиши тахмин қилиш мумкин.

Таҳлилчилар сўнгги йилларда Россиядаги ўзбеклар уйларига юборган миллиардлаб доллар маблағлар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолганини айтишади.

Уларга кўра, Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги экани назарда тутилса, савдо ҳажми ҳам қисқаришини башорат қилиш қийин эмас.

Иккиламчи оқибатлар

Охирги йилларда жаҳон бозорида нефть нархининг ўйноқлаб туриши билан боғлиқ вазият Россия миллий пул бирлигининг кетма-кет рекорд даражада қадрсизланиб кетишига сабаб бўлган.

Бунга қўшимча расмий Кремлнинг Украина инқирозида тутган ўрни сабаб Ғарб томонидан устма-уст киритган турли жазо чоралари Россияда янги иқтисодий бўҳроннинг бўй кўрсатишига сабаб бўлган, бунинг таъсири кўплаб собиқ Шўро давлатларига ҳам сезилганди.

Аксарият минтақа давлатлари иқтисоди Россиядан келаётган пул ўтказмалари ва импорт маҳсулотларига қарам экани боис, рубль кескин қадрсизланишининг оқибатлари бутун Марказий Осиё бўйлаб ҳам яхшигина сезилган.

Минтақавий таҳлилчилар Россия рубли ортидан маҳаллий пул бирликлари ҳам ўз қадрини йўқота бошлаганини айтишган.

Бу эса, ўз навбатида, Марказий Осиё давлатларида кенг истеъмолдаги импорт маҳсулотлари нархларининг қимматлашишига сабаб бўлган.

Худди шу манзарада минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Россия иқтисоди орқага кетишининг таъсири Марказий Осиёга узоқ муддатли бўлади.

Дейлик, Россия Федерал Миграция Хизмати ўтган йил бошида эълон қилган маълумотларга таянилса, ҳозирга келиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони бир миллионга озайган.

Американинг "Фридом Ҳаус" ноҳукумат ташкилоти шу манзарада эълон қилган йиллик ҳисоботидаги рақамларга таянилса, уларнинг ортга, Ўзбекистонга юбораётган пул жўнатмалари ҳажми ҳам ярмидан кўпроққа қисқариб кетган.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари учун бу пуллар, йилларки, ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келган.

Bi-bi-si O'zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog'lanishni istasangiz, telefonimiz: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар