Ички ишлар вазирлиги "Қурол тўғрисида"ги қонунга изоҳ берди

Тўппонча Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган "Қурол тўғрисида"ги қонун лойиҳасида инсон ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқотар қурол олиб юришига рухсат бериш кўзда тутилмаганини маълум қилган.

19-июлда муҳокамага қўйилган "Қурол тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳимоя мақсадида ножанговар қуролга рухсат бериладими?

Ички ишлар вазирлиги билдиришича, ушбу қонун умуман мамлакатда қурол билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни йўлга қўйиш мақсадини кўзлаган.

Хусусан, Ўзбекистонда қайси давлат органи, қайси юридик шахс ёки жисмоний шахсларга қуролга эга бўлиш, ўзи билан бирга олиб юриш ва қуроллардан фойдаланиши каби масалаларга ҳам аниқлик киритилиши талаб этилади.

Жисмоний шахсларга келганда, ўз-ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ўқотар қуролга эга бўлишига рухсат кўзда тутилмаган.

Жисмоний шахслар фақат спорт ва ов мақсадида қуролга эгалик қилишлари ва фойдаланишлари мумкинлиги назарда тутилгани айтилган.

Янги қонун лойиҳасида оддий одамларга ўзини ҳимоя қилиш учун кўздан ёш оқизадиган ёки қичитадиган газ балончаси, механик пуркагичлар, аэрозол, электр қуввати билан фалаж қиладиган, учқун чиқарадиган ва бошқа воситалардан фойдаланишларига рухсат бериш мўлжалланган.

Бундай шахсий ҳимоя воситаларини мамлакат ҳудудида қўллашга Ўзбекистон Соғликни сақлаш вазирлиги рухсат берган бўлиши талаб этилади.

Ва бундай ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун Ички ишлар вазирлигининг ҳам изни бўлиши лозим.

"Қурол тўғрисида"ги қонунни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари маъқуллашлари керак.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикаларида ўзини ҳимоя қилиш учун пневматик, газли ва товушли қуролларга рухсат берилган.

Пневматик ва газли қурол жанговар қуролга нисбатан кучсизроқ бўлгани ва камроқ зарар етказгани ҳисобига жанговар бўлмаган қуроллар тоифасига киритилган.

Ислом Каримов Президент бўлган даврда Ўзбекистонда ҳар қандай қуроллиларга нисбатан ишончсизлик шаклланган эди. Ҳатто овчиларнинг қуролларини йиғиб олиш ҳолатлари бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ