Ўзбекистон ҳарбийлари Туркияда ҳарбий тайёргарликдан ўтади

Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев ва Туркия Миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли. Фото муаллифлик ҳуқуқи msb.gov.tr

Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирликлари ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳужжат имзолаган. Ўзбек аскарлари ва зобитлари Туркияда ҳарбий тайёргарликдан ўтиб келиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Туркия Миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаниклини қабул қилган. ЎзА агентлигининг хабар беришича, учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳарбий ва ҳарбий-техник алоқалар истиқболи кўриб чиқилган.

Икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида бундан сўнг ҳамкорлик қилинадиган бўлган.

Вазир Жаникли Мирзиёевга Туркия Президенти Тоййип Эрдўғоннинг энг эзгу тилакларини етказган ҳамда турк томонининг Ўзбекистон билан кенг қаровли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини таъкидлаган.

"Ўзбекистон24" телеканали Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев ва Туркия Миллий мудофаа вазири Нуреттин Жаникли ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорликка оид ҳукуматлараро баённома имзоланганини маълум қилган.

"Ушбу ҳужжат икки давлат ҳарбий-таълим муассасалари профессор-ўқитувчи таркиблари ўртасида тажриба ва билим алмашиш имкониятини беради", - дейилади хабарда.

Gazeta.uzнинг ёзишича, 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Қуролли кучлари ҳарбийларининг Туркия ҳарбий-таълим муассасаларига тайёргарлик курсларига юборишни ташкиллаштириш борасида келишувга эришилган.

"Ўзбекистон 24" каналининг билдиришича, бир ой олдин Ўзбекистонда замонавий кўринишдаги турк махсус автомобиль техникасининг синови ўтказилган.

Ҳозир ушбу автомобилларни Ўзбекистонга етказиш ва уни шу ерда ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинмоқда.

Ушбу махсус автомобилнинг нимага ихтисослашгани борасида маълумот берилмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02