"Россиядаги хотин"га имом нима дейди?

Имом Вилдан Габидулин Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC O'zbek

Муҳожирлар ҳаётида ўзига ҳос шундай иборалар борки, уларни Россиядан ташқаридагиларнинг тушунишлари қийин.

Масалан: "Бу аёл хотиним" ёки "Бу эрим" деб таништирилганда, албатта "ўзингизникими?" ёки "Россиядагими?" деган савол берилиши одатий ҳол.

Меҳнат муҳожирлари ишлаб пул топишни асосий мақсад қилиб келишган бўлса-да, шахсий ҳаётни ҳам муҳим ҳисоблашади.

Россияга ишлашга келувчилар асосан 18-40 ёшдагилар.

Имом Вилдан ҳазрат Габидулин суҳбатини BBC O'ZBEKнинг YouTubeдаги каналида томоша қилинг

Россиядаги 65 фоиз ўзбекистонлик эркаклар "сўққабош", яъни уйланмаган йигитлар ва аёлини ватанида қолдириб келганлар...

Бу борада аёллар ҳам улардан қолишмайди: 80 фоизи ёлғиз аёллар, 10 фоизи эри бору Ўзбекистонда, қолган 10 фоизи эри билан бирга келганлар.

Ҳар икки жинсдаги жуфтга бўлган табиий эҳтиёж муҳожирликда вақтинчалик муносабатлар ривожини юзага келтирган.

Одатда ўзаро келишув асосида бирга яшаб юрган "оилалар" жуда кўп.

Айрим муҳожирлар эса "Россиядаги хотин" ё "эр"и билан диний никоҳдан ҳам ўтиб яшашади.

Бу масала Россияда осонгина ҳал қилинади: исталган масжидда никоҳ ўқитиш мумкин, аниқ нарх ҳам белгиланмаган.

Вақтинчалик турмуш учун никоҳ ўқилиши тўғрими? Бунга диний уламоларнинг муносабатлари қандай?

Москва области масжидларидан бирининг имоми Вилдан ҳазрат Габидуллин шундай фикр билдирди:

- Мен уларга (муҳожирларга) шундай жавоб бераман: никоҳ бекитиқча бўлмаслиги шарт. Никоҳнинг шартларидан бири ҳаммага эълон қилишдир. Ота-ота, қариндошлар, айниқса, биринчи аёли. Бу никоҳ ислом доирасида бўлиниши учун у фақат ҳабардор қилиниши эмас, розилигини ҳам олиш лозим.

Иккинчи марта уйланишга аҳд қилган муҳожирлар елкаларига қандай юк юкланишини англашмайди. Бу ерда ватанига пул юбориш учун ишлай туриб, бу ердаги оилани бирдек ушлаб туришга чоғлари етмайди. Биринчи аёл иккинчисидан, иккинчи биринчидан ортиқ ҳам, кам ҳам эмас. Улар орасида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) таъкидлаганидек, қатъий адолат бўлиши лозим...

Уларга аҳли аёлини олиб келишни маслаҳат бераман. Агар Қодир Аллоҳ сизга шу ерга келиш ва иккинчи оилани ҳам боқа олиш имкониятини берган экан, унда аёлингиз ва фарзандларингизни олиб келиш маъқул. Бу сиз учун ҳам енгил, ҳам болаларингиз ва аёлингиз ёнингизда бўлиб кўнглингиз ҳотиржам тортади.

Баъзилар "олиб келишга имконим йўқ", дейди. Бунинг учун ният бўлиши керак. Шунда ҳар қандай ҳолатда Аллоҳ ёрдам беради.

Ҳатто шундай вазият бўлганки, қўшхотинликни тўла англамаганингиз учун имомни бу масалада безовта қилман,г деган эълон илиб қўйишимга ҳам тўғри келган. Аммо бу бироз ноҳақ талаб бўлгани учун яна олиб ташлаганмиз.

Мен айниқса, биринчи никоҳ учун келишганда жуда хурсанд бўламан. "Биринчими", сўрайман, "ҳа, биринчи" дейишса, "унда олға!", дейман.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.