Гулнора Каримованинг адвокати: "Терговни тўхтатинг"

гулнора Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати мижозидан бир неча ойдан бери ҳеч қандай хабар олмаганини ва маҳкама жараёнининг адолатли ўтишига кафолат бера олмаслигини билдирган. У терговни тўхтатишни сўраб Швейцария Бош прокуратурасига талаб билан чиққан.

"Мижозим билан алоқага чиқиш ва гаплашиш имкони йўқлигини инобатга олган ҳолда, маҳкаманинг адолатли ўтишини таъминлаш учун Гулнора Каримовага ёрдам бера олмайман ва ҳимоя қилолмайман", - деган Каримованинг адвокати Григоир Мангет Reuters агентлигига.

Ўзбекистон Бош прокуратураси жума куни марҳум Президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2015 йили фирибгарлик, божхона қонунларини бузиш, бизнесларни тортиб олиш каби бир неча айблар билан 5 йилга озодликдан чеклаш жазосига маҳкум қилинганини билдирганди. Хабарда Гулнора Каримова ҳозир бошқа иш бўйича ҳам терговда эканлигини билдирган.

"Терговни тўхтатиш ҳақидаги талабномам Швецария Бош прокуратурасига топширилди", деган Мангет. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон расмийлари фундаментал инсон ҳуқуқлари кафолатларини қўпол равишда бузишмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарида айтилишича, Гулнора Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Унда ушбу жиноий гуруҳнинг 12 давлатда мол-мулки ва маблағлари қайд қилинган.

Швейцарияда 777,8 миллион АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари ва Колони шаҳрида нархи 18,5 миллион франк бўлган кўчмас мулк (вилла) борлиги кўрсатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ