Сурхондарё ҳокимияти: "Айрим муслималарнинг ҳижобини ечиш Мирзиёев сиёсатига қарши эмас"

Музработдаги тадбирда "турли диний оқимларга мойиллиги бор қизлар ҳижоблари" ечилган Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Erkinjon_Turdimov
Image caption Музработдаги тадбирда "турли диний оқимларга мойиллиги бор қизлар ҳижоблари" ечилган

Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёрдамчиси Алишер Зиятов Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда турли диний оқимларга мойиллиги бор қизларнинг ҳижобини ечиш Президент Мирзиёев сиёсатига қарши эмаслигини, аксинча ҳамоҳанглигини билдирди. Бироқ у ҳижобларни ечиш буйруғини Мирзиёев бермаганини айтди.

Ҳоким ёрдамчиси Алишер Зиятов билан тўлиқ суҳбатни тинглаш учун линкни босинг

Сурхондарё вилоят ҳокимининг Facebookдаги саҳифасида Ёшлар иттифоқи Сурхондарёда муслималарнинг ҳижобини ечгани ҳақида хабар жойлаштирганди.

"Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи халқнинг ичига кириб бораяпти" номли хабарда Музработ туманининг "Гулобод" маҳалласида ўтказилган тадбир ҳақида сўз юритилган.

"Ўтказилган мазкур ёшлар фестивалидан руҳланиб, турли диний оқимларга мойиллиги бор қизлар ҳижобларини ечиб, тадбирда фаоллик кўрсатдилар", - дейилади хабарда.

Ушбу хабар вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва унинг ёрдамчиси Алишер Зиятовларнинг саҳифасида чоп қилинди ва бошқа гуруҳларда улашилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Erkinjon_Turdimov
Image caption Вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Музработда диний оқимга мойиллар борлигини айтади

Муслималарнинг ҳижоби ечилгани Facebook даги мусулмонларни жунбушга келтирди. Уни шўролар томонидан олиб борилган паранжиларни ечишга қаратилган "Ҳужум" кампаниясига тенглаганлар ҳам бўлди.

Танқидлардан сўнг ҳоким ва ёрдамчисининг саҳифаларидан ушбу жумла олиб ташланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати Сурхондарё вилоят ҳокимининг ёрдамчиси, хабар муаллифи Алишер Зиятов билан боғланиб ушбу масала юзасидан изоҳ олди.

"Бошқа оқимларга мойиллиги бор аҳоли бор у ерда. Ҳозир ҳам у ерда кўп қидирувда юрганлар бор. Ўшаларни бошқа оқимларга кириб кетишдан қайтариш", деди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати ушбу ҳаракат Президент Мирзиёевнинг дин борасида олиб бораётган сиёсатига қарши келмайди, деган саволга ҳоким ёрдамчиси "йўқ" деб жавоб берди.

"Сурхондарё вилоятида ҳам аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда масжидлар очиш ҳаракати ҳам кетаяпти. Ҳозир рўйхатлари шаклланган. Айнан Музработ туманида ҳам янги масжидлар очилиш ҳаракатлари кетаяпти. Йўқ қарши бўлмаяпти. Ҳамоҳанг бўляпти. Бошқа диний оқимга мойиллиги бор аҳолини (ҳижобини ечиш тўғри йўл. Би-би-си изоҳи)."

Суҳбатдошимиз диний оқимга мойилиги бор аҳолининг ҳижобини ечишни Мирзиёев буйруғи билан бўлаяпти, деган саволга "йўқ" деди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ