"Таҳлилнома" Каримовнинг валюта сиёсатини кескин танқид қилди

Каримов тириклигида унинг сиёсати савол остига олинмаган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Каримов тириклигида унинг сиёсати савол остига олинмаган

Ўтган якшанба куни эфирга узатилган "Таҳлилнома" кўрсатуви Президент Мирзиёевнинг 8 ойлик фаолияти таҳлил қилинган. Мирзиёев томонидан олиб борилган ислоҳотларни мақтаган бошловчи Президент Каримов давридаги валюта сиёсатини кескин танқид қилган.

Видеони томоша қилиш учун линкни босинг

Бошловчининг таъкидлашича, яқин ўтмишда Ўзбекистон шаънига халқаро иқтисодий ташкилотлар томонидан ёғилган маломатларнинг барчаси валюта сиёсати туфайли бўлган.

"Яқин ўтмишда жаҳоннинг иқтисодий пешволари Ўзбекистоннинг пешонасига қанча тамға урган бўлса, Ўзбекистоннинг шаънига неча бор маломатлар ёғдирган бўлса, Ўзбекистон корчалонлари иқтисодий уқувсизликда неча бор айбланиб бошидан не бир шўр ишлар кечган бўлса шу - валюта сиёсатини, деб бўлди. Буни бугун очиқ айтмоқ керак", дейди "Ўзбекистон" канали журналисти.

Кўрсатувда илк бор Ўзбекистонда валютанинг тўртта курси мавжуд бўлиб келгани айтилган. Қора бозор шармандали ҳолат ва тараққиёт оёғига тушов бўлгани айтилган.

"Яна дангал айтиш керакки, валютанинг тўртталаб курси мавжуд бўлиб келгани, қора бозор аталмиш шармандали ҳолатнинг тараққиёт оёғига тушов бўлгани айнан Президент бошлаган ислоҳотлар сабаб аста секин абас бўлиб, йўқлик сари равона бўлмоқда", - дейди бошловчи.

Президент Каримов даврида иқтисодий ва сиёсий ўзгаришлар ва ҳолат фақат Ислом Каримов номи билан боғланиб келган.

Кузатувчилар Каримов томонидан олиб борилган ҳар қандай сиёсат у қудратдалиги вақти танқид у ёқда турсин ҳатто савол остига олинмаганини айтишади.

Бироқ Каримов вафотидан сўнг ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев даврида Каримов Президент бўлган вақтдаги сиёсат ва амаллар савол остига олина бошлаганини кузатиш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ