Самарқанд милицияси журналистнинг ишлашига қаршилик қилди

раҳматуллаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/toshpulatr

Самарқанд шаҳар милицияси 1 август олийгоҳларга кириш имтиҳонларидан репортаж тайёрлаётган журналист Тошпўлат Раҳматуллаевнинг касб фаолиятига тўсқинлик қилган. Журналистнинг фотоаппаратидаги суратлар ўчирилган, ўзини милиция идорасига олиб кетишган.

Тошпўлат Раҳматуллаев Тошкент ахборот технологиялар университетининг Самарқанддаги филиалида имтиҳонлар қандай кетаётганини кузатиш учун борган.

У 11-12 кишини автобусга миндиришаётганига гувоҳ бўлган. Атрофдагилар бу йигитлар бошқа бировнинг ўрнига имтиҳонга киришга ҳаракат қилаётганда ушланганини билдирган.

Тошпўлат Раҳматуллаев билан суҳбатимизни тинглаш учун линкни босинг

"Бу жуда яхши-ку, ҳозир бир икки сурат оламан, кейин ушлаганларнинг каттасидан интервью оламан. Бу яхши бир факт, уларнинг ишини ижобий томонданг кўрсатади. Бу йилги имтиҳонларнинг бошқача ўтаётганидан аҳолини хабардор қиламан, деб битта сурат олдим. Милиция ходими кўзи тушиб қолиб, нима қилаяпсиз, деб бошлиғининг олдига олиб борди", - дейди у Би-би-си Ўзбек билан суҳбатда.

Подполковник формасини кийиб олган бошлиқ журналистга ўзини таништирмаган. Тошпўлат Раҳматуллаев ўзини таништириш учун ҳужжатини кўрсатмоқчи бўлганида, подполковник, "сизни яхши биламан, нима ёзишингизни ҳам, кимга хизмат қилишингизни ҳам яхши биламан", деган.

Подполковник қўли остидаги милиция ходимларидан бирига журналистнинг фотоаппаратидаги суратларни текширишни буюрган. Журналистнинг абитуриентларга боғлиқ суратларини ўчирган ва аппаратдаги қолган 200 тача суратларни ҳам бирма-бир текширган.

Шундан сўнг ҳам журналист эркин қўйилмаган, уни шаҳардаги 6 чи милиция бўлинмасига олиб кетишган. Милиция идорасида журналистнинг шахсига оид маълумотлар ёзиб олинган.

Журналист уйига келганидан сўнг, бу сафар маҳалла оқсоқоли қўнғироқ қилган. Оқсоқол шаҳар 6 - милиция бўлинмасидан қўнғироқ қилиб,Раҳматуллаев билан бирга Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи қабулига келишни талаб қилишган.

Журналист Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосарларидан бирига қўнғироқ қилган. Масъул бундай ҳолат бўлганидан ажабланган.

1 август кириш имтиҳонлари жараёнини Тошкентдаги интернет нашрлари тўсиқларсиз кузатишган. Уларни сурат ва видеоларга олиб интернетга жойлашган.

Тошпўлат Раҳматуллаев жойларда ҳам ўзгаришлар бўлиши учун, журналистларнинг ишига тўсиқинлик қилган ички ишлар ходимлари очиқ жазоланиши ва ҳуқуқ тартибот идоралари махсус трейнинглардан ўтказилиши кераклигини айтади.

"Подполковникка ё монеълик қилганларга қонун бўйича қаттиқ жазо кўрилиши, вазири ё бошқаси гапирса ва биз ҳар бир мана шундай ҳолатни ёритсак, шунда ўзгариши мумкин. Халқаро ташкилотлар билан ҳуқуқ тартибот органлари ҳамкорликда тренингларни қайта ташкил қилиши керак",- дейди у.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ