Муҳожирга ўқиш муҳимми, пул?

мигрант Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Одноклассники ижтимоий тармоғида ўтказилган сўровномада қатнашган Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг қарийб 80 фоизи ўқишни исташини билдирган.

Москвадаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида ижтимоий тармоқ орқали ўтказилган сўровномада 77 % ёшлар "ўқиш мақсадим бор, лекин ҳозир ишлашим керак" деган жавобни танлашган.

12 % муҳожирлар эса Ўзбекистонда ОЎЮнинг сиртқи бўлимлари бўлса, жон деб ўқишларини билдиришган.

Ёшларнинг 6 % и ўқишга қизиқмаслигини, 2 фоизи Россияда ўқиб ишламоқчи эканликларини ёзишган.

3 фоиз меҳнат муҳожирлари эса ҳаётда ўқиш эмас, пул муҳим деб ҳисоблайди.

Москвадаги муҳожирларнинг бу борада фикрини тинглаш учун линкни босинг

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг катта қисми мактаб (коллеж, лицейлар)ни тамомлаб ишлаб пул топишга келган ёшларни ташкил этади.

- Чет элларда ўқишни ҳам хоҳлардик, лекин молиявий ҳолатимиз тўғри келмагани учун Россияга ишлашга келдик, - дейди бухоролик Жаҳонгир. - Ўзим табиий фанларга ихтисослаштирилган лицейни тамомлаганман. Учувчи бўлмоқчи эдим. Кейин ишлаб юриб пулга қизиқиб кетдим, энди бизнесмен бўлмоқчиман. Шу йил Корея давлатига ўқишга киришга ҳаракат қилмоқчиман".

Россия олий таълим муассаларининг сиртқи ва кечки бўлимларида минглаб талабалар таҳсил олади. Таълим тизимининг бу шакли ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун анча қулай бўлса-да, улар олий маълумотга Россияда эга бўлишни кўп ҳам исташмайди.

- Ўқиш учун ҳеч қачон кечмас. Аввал қиладиган ишларим бор, шуларни тугатиб кейин Ўзбекистонга бориб ўқийман, - дейди андижонлик Даврон.

Меҳнат муҳожирлигидаги аксар ўзбекистонлик ёшлар 2-3 йил ишлаб, Ўзбекистонга қайтишни ният қилиб келишади. Аммо бир мақсадни кетидан бошқаси чиқавергани боис, ўқишга сарфланиши лозим бўлган йиллар тирикчилик ташвишига йўғрилиб кетади.

- Ўқимаганимга афсусланаман, - дейди Шаҳобиддин исмли меҳнат муҳожири.

Ўқишни орзу қилган меҳнат муҳожирлари бугун тирикчилик ташвиши билан банд. Мустақил ишлаб пул топаётганига, уйига пул жўнатиб оиласини боқаётгани билан ўзларини овутиб яшашда давом этишмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ