"Новая газета" журналисти Ўзбекистонга экстрадиция қилинади

Худоберди Нурматов Фото муаллифлик ҳуқуқи VIKTORIA ODISSONOVA/NOVAYA GAZETA

Москвадаги суд Ўзбекистон фуқароси бўлган "Новая газета" рўзномаси мухбири Худоберди Нурматовни ватанига экстрадиция қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Маҳкамага кўра, у Россия миграция қонунчилигини бузган, шунинг учун 5000 рубль маъмурий жарима тўлаши лозим.

Россияда нашр қилинадиган "Новая газета" хабар қилишича, Али Феруз тахаллуси билан мақолалар ёзиб юрган Худоберди Нурматовни 1 август куни Москва шаҳрида полиция ходимлари ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатганлар. Мухбирлик гувоҳномасини кўрсатган, бироқ полициячилар уни Москва шаҳри Басманний туман ички ишлар бўлимига олиб кетганлар. Сўнг журналист Басманний туман судига олиб борилган ва маҳкама уни Россиядан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарган.

"Худоберди Нурматов Россияда туғилган. Онаси Россияда, Олтой ўлкасида яшайди. Шунинг учун уни бошқа давлатга топшириш мумкин эмас", - деб айтган "Новая газета" Бош муҳаррири Дмитрий Муратов.

Худоберди Нурматов айтишича, Ўзбекистондан чиқиб кетишига маҳаллий расмийлар билан юзага чиққан муаммолар сабаб бўлган. "Новая газета" ёзишича, гўё уни махсус хизматлар ёллашга ҳаракат қилганлар.

Россиядаги "РИА Новости" ахборот агентлигидаги манбага кўра, Худоберди Нурматов 2007 йили Ўзбекистонда қўзғатилган "Ат-Такфир вал ҳижра" ноқонуний ташкилотига одам ёллаш жиноят ишига алоқадор деб кўрилган.

Худоберди Нурматов шу йил март ойида ҳам ҳибсга олинган.

Бунга Ўзбекистон тарафининг сўрови сабаб бўлгани айтилган.

Нурматов ички ишлар бўлимига олиб борилган, бироқ кейин саломатлиги ёмонлашгани сабабидан шифохонага ётқизилгани хабар қилинган.

Май ойи бошида унга Россияда ҳудудида қочқин мақоми ва вақтинча бошпана бериш сўрови рад этилди.

Россия Ички ишлар вазирлигига кўра, Нурматов сўровини қондиришга қонуний асос топилмаган.

"Ўзбекистонда дарров ҳибс қилишади. Амалиёт шуни кўрсатадики, Ўзбекистонга қайтган ёки ўғирлаб олиб борилган қочқинларга дарров 20 йиллик қамоқ муддати беришади. Классика - "давлат тўнтариши", "конституциявий тузумни ағдариш" бандлари. Ўзбекистонда 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатдан ҳам кўпроқ муддатга қамалганлар тирик қайтишмайди. Фақат қийноқлар қўллангани учун уларнинг мурдаларини қариндошлари олиб кетишади. Мен бундай инсонлар ҳақида ёзганман, мен бу тизим қандай ишлашини тахминан биламан ва шунинг учун ҳам бу мамлакатда бўлиб қолишни хоҳламайман", деб айтган бундан олдинроқ Али Феруз Би-би-си Рус хизмати билан суҳбатда.

Хабар қилинишича, журналист 2012 йили паспортини йўқотган. Паспортни қайта тиклаш учун Ўзбекистонга бориш талаб қилинади. Худоберди Нурматов қамамасликлариучун Ўзбекистонга боришдан қўрқаётганини айтган.

"Новая газета" таъкидлашича, Али Феруз Россияда қидирувда эмас ва Россия ҳуқуқ-тартибот органларининг унга нисбатан бирор эътирози йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02