Ўзбек амалдорлари матбуот эркинлашаётганидан ваҳимага тушмоқдами?

Мажбурий меҳнатга жалб этилганлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Qo'rqmaslar
Image caption Мақоладан кейин мажбурий меҳнатга жалб этилаётган ўқитувчиларга ҳокимият мулойимроқ оҳангда иш бажартирмоқда.

Ўзбекистонда матбуот президент Ислом Каримов ўлимидан кейин анча жонланиб қолгани кўзга ташланмоқда.

Аммо...

"Нима учун ўқитувчи кўча тозалаши керак?"

"Ўзбек аёллари фоҳишаликка, эркаклари эса қулликка мажбурланмоқда"

HRW: Жаҳон Банки мажбурий меҳнатни молиялаяпти

Ўзбек сенатори: Бирорта ўқитувчи мажбурий меҳнатдан шикоят қилмаган

Sof.uz сайтининг ёзишича, Фарғона вилояти мутасаддилари ўқитувчиларнинг дала ишларига мажбурланаётгани ҳақидаги мажлис аудиосини сиздирган шахсни қидирмоқда.

Мажлисда иштирок этганларга Қуръонни ушлатиб қасам ичтиришга уриниш ҳоллари бўлган.

Нашрнинг ўз манбасига таяниб ёзишича, ўқитувчилар ва боғча ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилган Ўзбекистон тумани халқ таълим мудираси Нафиса Нишонова ишдан олинган.

Бироқ бу билан мажбурий меҳнат тугамаганлиги айтилади.

"Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этишни йўқ қилишга ҳаракат сезилаётганлиги йўқ. Ҳануз устозлар дала ишларида жавлон урмоқда. Мутасаддилар бунинг ўрнига аудиони ёзиб олган одамни қидириш билан банд. Гумондорларни Қуръон тутқаздириб онт ичказишга ҳам уринишган", - деб ёзади sof.uz.

Шундай бўлса-да, манбалардан бири мақола атрофидаги муносабатлардан кейин ўқитувчига ҳокимият мулойимроқ оҳангда иш бажартираётганлигини қўшиб қўйган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи "O'zbekiston" телеканали

Президент Шавкат Мирзиёев матбуотда фақат мақтовлар эмас, халқнинг муаммоларини олиб чиқиш кераклигини таъкидлаб келмоқда. Марказий нашрларда чиқаётган танқидий хабарлардан қаноат ҳосил қилмаган Президент Ўзбекистонда киришга тўсиқ қўйилган eltuz.com сайтидан мақола ўқиб берган эди.

Унда бешариқлик Воҳид Амонов тиббиёт ходимларининг лоқайдлиги туфайли турмуш ўртоғини йўқотганини ёзилган эди.

"Менга буни ҳеч ким олиб кириб бергани йўқ. Эрталаб ўзим интернетдан олдим", деган эди Президент Мирзиёев Олий Мажлис депутатлари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувда.

Президент томонидан матбуотни эркинлаштириш борасида жиддий ҳаракатлар сезилаётган бўлса- да, амалдорлар томонидан матбуотга ва ўз муаммосини кўтариб чиққан инсонларга нисбатан босим ҳолатлари давом этаётгани кузатилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати боғланган Воҳид Амонов ҳам Президент Мирзиёев ўзининг муаммосига эътибор қаратгани учун миннатдор эканлигини айтди, аммо "маълум сабабга кўра матбуотга гапиролмаслигини" маълум қилди.

Би-би-сининг "сизга босим бўляптими", деган саволини Воҳид Амонов очиқ қолдирди.

Самарқандлик журналист Тошпўлат Раҳматуллаев 1 август куни олийгоҳларга кириш имтиҳонини ёритишда милиция томонидан тўсқинлик дуч келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FACEBOOK

Ўзини таништирмаган Самарқанд шаҳар милицияси подполковниги журналист фотоаппаратидаги суратларни ўчиришга буйруқ берган Раҳматуллаевни милиция идораси ихтиёрига зид равишда юборган.

Ўзбек нашрлари "Ўзбекистон" телеканалидаги икки кўрсатувда танқидий фикрларни айтган яна бир журналист Каримберди Тўрамурод мажбурий равишда ариза ёзиб ишдан бўшашга тўғри келгани ҳақида ёздилар.

Каримберди Тўрамурод ишдан вақтинча четлатишидан бир кун олдин "Бекажон" газетаси Бош муҳаррирлигига тайинланган.

Аммо кўп ўтмай ўтказилган мажлисда унинг "Муносабат" ва "Очиқ студия" кўрсатувларида айтган танқидий фикрлари асосий муҳокама мавзуси бўлган.

Каримберди Тўрамурод кўрсатувда марказий нашрларга мажбурий обуна масаласини кўтарганди.

"Очиқ студия" кўрсатувида эса танқидий мақолалар учун нашриётга босимлар бўлиб туришини гапирганди.

Журналист Тошпўлат Раҳматуллаев қуйи босқичдаги амалдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари журналистлар билан ишлашни истамаётганини, уларнинг айримлари айнан журналистларга нисбатан ҳурматсизлиги ва қонунни бузаётгани учун қонунан очиқ жазоланиши кераклигини айтади.

"Олдин ЕҲХТ ташкилоти томонидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига журналистлар билан ишлаш борасида таълимий трейнинглар ўтказилиб турарди. Мана шу ишни ҳам қайта йўлга қўйиш керак", дейди таниқли журналист.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ